Ўтган мавсум "Ливеепуль" учун омадли кечмади. Мерсисайдликлар стартни яхши бошлаб, Англия суперкубогини қўлга киритган эди. Аммо, шундан кейин пасайиш бошланди. Энг ёмони, Клопп жамоаси 2016 йилдан бери илк марта ЕЧЛ йўлланмасисиз қолди. Ҳа, "Ливерпуль" 2021-22 йилги мавсумни тўртта соврин билан якунлашга жуда яқин эди. Аммо буни иложи бўлмади. Ёз давомида жамоадан Садио Мане кетди. Дарвин Нуньес, Калвин Рамзи ва Фабиу Карвалью харид қилинди. Бу эса кам эди. "Ливерпуль" режасида ўтган ёзда анчагина футболчилар бор бўлган. Аммо трансферни амалга оширишга келганда, муаммолар юз берган. Қуйида ўша ўйинчилар ҳақида билиб оласиз.
Жуд Беллингем
Беллингем "Реал"га ўтгунича, унинг номи миш-мишлар бўлимида тинмай янграрди. "Боруссия Дортмунд" эса ҳар доимги ишини қилди. Холанд ва Санчо сингари Беллингем ҳам катта пулга сотилди. "Ливерпуль" апрель ойида оммага ортиқ Беллингем учун курашмаслигини маълум қилганди. Бу эса "Реал"нинг ишини осонлаштирди. 20 ёшли футболчи мерсисайд жамоасига ўтган мавсумдаги муаммоларига ечиб топишда ёрдам бериши мумкин эди. Эндиликда Англия терма жамоаси аъзоси "қироллик клуби" шарафини ҳимоя қилади.
Арнаут Данжума
Ўтган мавсумда "Ливерпуль" Садио Манени йўқотади. Хабарларда унинг ўрни Данжума билан тўлдирилиши айтилаётганди. Нидерландиялик ҳужумчи "Борнмут" сафида фантастик даража намойиш этади. Шундан сўнг, 2021 йилда уни "Вильярреал" сотиб олади. Унаи Эмеридан кейин Данжума ҳам Англияга, "Тоттенхэм" сафига келди. Бироқ, у олдинги даражасини тиклай олмади.
Амаду Онана
2021-22 йилги мавсумни Онана "Лилль" билан ажойиб ўтказади. Бу эса АПЛ клубларининг қизиқишларига сабаб бўлади. Даъвогарлар орасида "Арсенал", "Ливерпуль" ва "Ньюкасл" бор эди. Бельгия терма жамоаси аъзоси эса "Эвертон"ни танлайди. "Ливерпуль" эса ўзининг энг ашаддий рақибига имкониятни бой бериб қўяди.
Мойсес Кайседо
Ҳозир Европадаги энг яхши ярим ҳимоячилардан бирига айланган футболчи, бундан бир йил олдин катта потенциалга эга ўспирин эди. Бир муддат Бельгия чемпионатида ҳаракат қилганидан кейин, эквадорлик ўйинчи яна Албионга қайтади. У учун "Ливерпул"га ўтган ёзда, "Арсенал" эса қишда рад жавобини берган "чағалайлар", ҳали ҳам Кайседони сақлаб турибди. Янги мавсум олдидан Кайседога "Челси" қизиқиш билдира бошлаган.
Усмон Дембеле
Бир йил олдин мерсисайдликлар Дембеле вакиллари билан кўришиб, ҳужумчи нияти ҳақида суриштира бошлайди. Негаки, Дембеле эркин агентга айланишга яқин эди. Аммо каталонияликлар уни олиб қолишга эришди. Усмон икки йиллик янги шартномага имзо чекди. Дембеле қилган қарор охир-оқибат тўғри бўлиб чиқди. Негаки, "Барселона" Испания чемпионига айланди.
Жаррод Боуэн
Боуэнга Юрген Клоппнинг шахсан ўзи мухлислик қилади. У инглиз ҳужумчисини сотиб олмоқчи эди. "Вест Хэм" эса уни сақлаб қолишга қарор қилди. Ўтган мавсум Боуэн учун омадсиз кечди. У 6 та гол урди холос. Аммо ЕКЛ финалида ҳал қилувчи ғалаба голини айнан у киритганди.
Николо Барелла
Матбуотда Барелланинг кўчиши ҳақида кўп ёзишди. Италия терма жамоаси аъзоси эса бу гап-сўзларга эътибор қилмади ва "Интер"да қолди. "Ливерпуль" эса тузукроқ таклиф билан чиқа олмади ҳам. 26 ёшли футболчи ўтган мавсумни юқори нотада ўтказиб, ЕЧЛ финалида қатнашди. Афсуски, унинг жамоаси "Манчестер Сити"дан аламли мағлубият қабул қилиб олди. Бареллага бу ёзда ҳам АПЛдан даъвогарлар бор. Кўрамиз, воқеалар ривожи қай тариқа кечаркин.
ИСМАТОВ Ж.