"Лацио" президенти Клаудио Лотито римликлар ярим ҳимоячи Сергей Милинкович-Савичнинг жамоани тарк этиш истагини тасдиқлади.
"Милинкович-Савич мендан уни қўйиб юборишимни сўради, у шунчаки кетмоқчи. "Ал-Ҳилол"га ўтиши? Расмий таклиф борми, билмайман. Ҳужжатларни кутамиз. Битим шундан кейингина амалга оширилади. Менга таклиф шундай эканлигини айтишди ва бу футболчи учун жуда муҳим, клуб учун эса унчалик муҳим эмас. Агар кимдир Саудия Арабистонига бормоқчи бўлса, у фақат пул учун бормоқда. Бу ҳақда ундан сўранг", - деди Лотито Sky Sport Italia билан суҳбатда.
Милинкович-Савич 2015 йилнинг августидан буён "Лацио" сафида ўйнаб келмоқда. 2022/23 йилги мавсумда ярим ҳимоячи римликлар сафида барча мусобақаларда 47 та ўйинда майдонга тушиб, 11 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди.
Transfermarkt портали 28 ёшли сербнинг нархини 50 миллион еврога баҳоламоқда.