16 ёшли қизлар ўртасида 2013 йилги Осиё чемпионатига бўлиб ўтиши керак бўлган "В" гуруҳи саралаши баҳслари ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бошқа муддатга қолдирилди. Ушбу баҳслар Шри-Ланканинг Коломбо шаҳрида 6 ноябрь куни бошланиши керак эди ва Ўзбекистон терма жамоаси 4 ноябрь куни Тошкент – Дубай – Коломбо йўналиши бўйлаб сафарга чиқишни режалаштирганди.
"Афсус билан шуни маълум қиламизки, ҳозирги кунда Шри-Ланкада ноқулай об-ҳаво ҳукм сурмоқда. Бу ерда кучли шамол, чақмоқ ва момақалдироқ бўлиб турибди. Шри-Ланканинг тегишли органлари аҳоли ва туристларни бундан огоҳ бўлишга чақирмоқда", дейилади Шри-Ланка футбол федерациясининг мурожаатида.
"Яқин кунлар ичида вазият ўзгаришига кафолат бера олмаймиз ва ушбу саралаш баҳсларини бошқа муддатга қолдиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз", дейилади мактубда.
"В"саралаш гуруҳлари қайси муддатда ўтказилиш муддати бугун эълон қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Аъзамова бошчилигидаги Ўзбекистон U16 қизлар терма жамоаси ушбу гуруҳда Шри-Ланка, Эрон ва Ҳиндистонга қарши тўп суради.