"Манчестер Сити" Жаҳон чемпионатига ўз футболчиларини юборгани сабабли ФИФАдан энг кўп пул олган клубга айланди. Хабарингиз бўлса, Халқаро Футбол Иттифоқи томонидан мундиал ташкил қилинади. Унда қатнашган футболчилар эса ўз клубларига фойда келтирадилар. Шу қоида ортидан, ҳаттоки, Англиянинг бешинчи дивизионида қатнашадиган "Борем Вуд" ҳам фойда кўрган. Хабарларга кўра, Қатардаги жаҳон чемпионатига ўз вакилларини юборгани учун ФИФА дунёнинг 440 та клубига 160 миллион фунт тўлаб берган. Бу рўйхатда инглиз клублари етакчилик қилади. Улар жами 29 миллион фунтни олган бўлиб, улар ичида энг яхши улуш "Манчестер Сити"га теккан. "Шаҳарликлар" қишки мундиал шарофати билан 3.5 миллион фунтга эга чиқди.
Ҳа, "Манчестер Сити" катта клуб ва у ерда жуда катта маблағлар айланади. Шу сабаб, "шаҳарликлар" ҳисобига ўтказиб берилган 4 миллион евро унчалик ҳам сезилмаган бўлиши мумкин. Бироқ, кичик клубларга тақдим этиладиган ФИФА тўлови катта ёрдамга айланади. Масалан, юқорида номи тилга олинган "Борем Вуд"га. Англиянинг энг қуйи лигасида ҳаракат қилувчи бу клубдан бирорта футболчи мундиалда иштирок этмади. Шунга қарамай, ФИФА жаҳон чемпионатига саралаш даврида футболнинг ривожланишида муҳим ўрин тутган жамоаларни ҳам қуруқ қўймайди.
"Борем Вуд" 2021 йилнинг январь ойида Уэьлс терма жамоаси аъзоси бўлган Сорба Томасни Чемпионшип жамоаси бўлган "Хаддерсфилд Таун"га сотади. Айнан мана шу сотув учун бу клуб 24 минг фунт билан тақдирланди. "Хаддерсфилд" эса Томасни Жаҳон чемпионатига юборгани учун 118 минг фунтга эга бўлган. 24 ёшли футболчи мундиалда фақатгина бир марта, у ҳам бўлса, Уэьлснинг АҚШ билан дуранг ўйинида, сўнгги дақиқаларда майдонга туширилганди. Ҳар бир клубга тўланадиган бу кўринишдаги компенсациялар, футболчиларнинг қайси ўйинда қанча вақт майдонда ҳаракат қилганига қараб ҳисобланади.
ФИФАнинг Қатардаги уюштирилган тадбири юзасидан ҳисобатлар билан таништирар экан, ташкилот президенти Жанни Инфантино 2022 йилги мундиал учун клубларга тўланган 160 миллионлик ҳажм, 2026 ва 2030 йилларга бориб, икки боробарга оширилиши ҳамда 304 миллионга етказилишини билдирди. У бу ҳақида шундай дейди: "ФИФА томонидан ишлаб чиқилган махсус дастур маълум клуб футболчисининг Жаҳон чемпионатида эришган ютуғига қараб, бериладиган рағбатни ҳисоблайди. Ташкилотимиз қилинган фойданинг бир қисмини дунё бўйлаб, клублар учун бериладиган компенсацияларга сарфланилишини кафолатлайди".
"Манчестер Сити"дан кейинги ўринда "МЮ" қайд этилган бўлиб, "қизил иблислар" ЖЧда қатнашган футболчилари ортидан 2.5 миллион фунт фойда кўрди. Учинчи ўринда эса 2.4 миллион фунт билан "Челси" турибди.
ИСМАТОВ Ж.