Бугун Россия Биринчи дивизионида навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтади. "Нефтехимик" сафарда "Торпедо" билан куч синашади. Ушбу ўйинга бағишлаб клуб матбуот хизмат превью эълон қилди. Унда ўзбекистонлик футболчи Вагиз Галиулинга нисбатан "чап қанотнинг ҳақиқий эгаси" дея баҳо берилган.
"Жамоанинг чап қаноти энг барқарор чизиқлардан бири. Бу жойни Вагиз Галиулин эгаллаган. У сўнгги икки йилни жароҳати туфайли майдон ташқарисида ўтказишга мажбур бўлди", дея ёзади сайт ходимлари.
№22. Вагиз Галиулин. 24 ёш. Бўйи - 175 см, вазни - 66 кг. 16та ўйинда иштирок этиб, 2та гол урди. "Нефтехимик"нинг "штат"даги чап қанот ярим ҳимоячиси.
Ўзбек футбол тарбияланувчиси ҳисобланган ушбу футболчи доимий равишда Ўзбекистон терма жамоасига ҳам таклиф этилмоқда. Россия фуқаролигига ҳам эга. 2006 йилдан бери "Рубин"га тегишли. У бундан 2 йил аввал Премьер-лигада тўп сура бошлади ва "Рубин" сафида 7та, "Сибир" таркибида 11та ўйинда майдонга тушди. Асосий жойи — чап қанот ярим ҳимояси. Ўнг қанотда ҳам ўйнай олади. Ўтган мавсум аввалида "Сибирь" таркибида оғир жароҳат олди ва соғайди. Яна жароҳат олди ва яна тикланди. 2012 йилнинг июль ойида Новосибирскдан Қозонга қайтганидан кейин "Нефтехимик"ка ижарага берилди.
"Торпедо"га қарши кечадиган ўйиндан олдин Вагиз Галиулин ҳисобида 3та сариқ карточка бор. Москваликларга қарши ўйинда у яна бир марта огоҳлантириш оладиган бўлса, навбатдаги турни ўтказиб юборади.
"Нефтехимик" эса ҳозирда 5-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа кейинги турни 12 ноябрь куни ўз майдонида "Волгарь"га қарши ўтказади.