Камерун футбол федерацияси президенти Самуэль Этo’О келишилган ўйинларни ташкил қилишда гумонланмоқда.
18 июль куни Камерун футбол федерацияси раҳбарининг “Виктория Юнайтед” клуби президенти билан телефондаги суҳбати эълон қилинди. 2023 йилнинг январь ойида бўлиб ўтган суҳбатда Этo’О клубнинг Камерун Олий лигасига чиқиш мақсадини тилга олган. Маълумот учун, ўша вақтда “Виктория Юнайтед” 2-дивизион турнир жадвалининг қуйи қисмидан жой олганди.
““Опопо” (“Виктория Юнайтед” лақаби) биринчи дивизионга чиқиши лозим. Бу бизнинг мақсадимиз. Бу бизнинг федерация. Тўрт кишимиз: биз ва яна 2 киши. “Виктория Юнайтед” юқорига чиқади”, — деган Этo’О.
Мавсум якунидаги натижаларга кўра, “Стад де Бертуа” федерация томонидан дисквалификация қилингач, 2-ўринни эгаллаган жамоа сифатида “Виктория Юнайтед” Олий дивизионга кўтарилган.
Шу ўринда Этo’О келишилган ўйинларга алоқадорлигини рад этган.
“Суҳбатда мен ўз вазифамизни бажармаётганимиз учун пулларини олиб, футболдан кетишни хоҳлаётган “Опопо” президентини ҳимоя қилганман.
Мен ҳакамлар ассоциацияси президентига қўнғироқ қилдим ва унга: “Эҳтиёт бўл! Бу одам футболга жуда кўп пул сарфлайди, шунинг учун жамоаси чемпионатнинг энг яхшиларидан бири бўлишини хоҳлаётган одамни ҳакамлар йўқотмаслиги керак”, дегандим”, — айтиб ўтди Самуэль.
Аввалроқ, Самуэль Этo’Онинг қизи отасига қамоқ жазоси берилишини сўрагани хабар қилинганди. Собиқ футболчи 5 йил мобайнида қизига алимент тўламай келган.