Жорий ёз ажойиб ўтмоқда. Трансферлар ойнасида айрим катта клублар ўз нишонларини забт этиб улгурди. Албатта, янгиликларда асосан фақатгина ўша катта жамоалар ва уларнинг йирик нишонлари ҳақида сўз боради. Бироқ, сиз пайқамай қолган юлдузлар ҳам ими-жимида жамоасини янгилади. Қуйида уларнинг кимлигини билиб оласиз.
Жек Батленд
Собиқ "Кристал Пэлас" дарвозабони 2023 йилнинг январь ойида "МЮ" қўшилади. У "Ньюкасл"га қайтган Мартин Дубравка ўрнини эгаллаган эди. Афсуски, бу кўчиш доимий бўлмади. Футболчи ёзда эркин агентга айланди. У яқиндагина "Рейнжерс" билан битим тузган эди.
Конрад Лаймер
Лаймер аллақачон "Бавария" билан келишиб олганди. Шу сабаб у "Лейпциг" билан хайрлашиб, Германия чемпионлари сафига йўл олди. Австрия терма жамоаси аъзоси АПЛга ўтади деган гап-сўзлар янграганди. Аммо, якунда "Бавария" ярим ҳимоячини ўзиники қилди.
Наби Кейта
Кейтанинг "Ливерпуль" сафини тарк этиши маълум эди. Футболчи ўзининг оғир даврларини айнан Клопп жамоасида ўтказишига тўғри келди. Кейта 2018 йилда "Лейпциг"дан сотиб олинади. Аммо унга жароҳатлар эркин фаолият юритишга ҳалақит берди. Кейта эркин агент сифатида шу ёзда "Вердер Бремен" сафига йўл олди.
Фран Гарсия
Гарсиянинг ижарадаги даври ёмон ўтмади. Шу сабабли "Реал" уни сотиб олишга қарор қилди. 23 ёшли ҳимоячи "Райо Вальекано"дан Мадридга йўл олди. Унинг хариди "қироллик клуби" учун 5 миллион еврога тушди. Гарсия 2027 йилгача мўлжалланган шартномага имзо чекди.
Жефферсон Лерма
"Борнмут" ўз тарихидаги энг қиммат трансферлардан бири билан бу ёзда хайрлашди. Лерма 2018 йилда "Леванте"дан 30 миллион еврога харид қилинганди. У "олчалар"ни АПЛга қайтаришда муҳим рол бажарган. Ярим ҳимоячи эркин агентга айлангач, "Кристал Пэлас"га ўтиш борасида ҳаракатни бошлади ва келишувга эришди.
ИСМАТОВ Ж.