"Анжи"нинг ўзбекистонлик футболчиси Одил Аҳмедов куни кеча берган интервьюсида "Ливерпуль"га қарши ўйинни интизорлик билан кутаётганини айтиб ўтганди. У бугун "Спорт-Экспресс" нашри сайтига берган интервьюсида кучли бешлик чемпионатида ўйнаш истаги борлигини ва Ўзбекистон терма жамоасининг мақсадлари ҳақида фикр билдирди.
— Худога шукр, барча муаммолар ортда қолди, ўзимни яхши ҳис қиляпман.
— "Анжи" ўтган илк пайтингизда жамоа билан Евроаренада тўп суришни орзу қилишингизни айтгандингиз.
— Жароҳат олгунимга қадар Европа лигаси саралаш босқичининг 2та ўйинида ҳаракат қилишга улгургандим. Бугун эса "Ливерпуль"га қарши майдонга чиқишга умид қилмоқдаман. Айнан гранд жамоаларга қарши ўйнашни орзу қилгандим. Англияликларга қарши дастлабки ўйинда ўз кучимни синаб кўришни истагандим, аммо унга тикланишга улгурмадим.
— Ўйинни қаерда кўрдингиз?
— "Энфильд" стадиони трибунасида бизнинг мухлислар билан ёнма-ён ўтирдим. Ажойиб таассуротлар қолди. Айниқса, стадиондаги муҳит. Инглизлар жуда зўр мухлислик қилишади ва бундай муҳитда ўйнаш ёқимли.
— Европанинг гранд жамоаларидан бирига қарши ўйнаш орзуси ушалиш арафасида турибсиз. Кейинги мақсадингиз қандай бўлади?
— Европанинг "кучли бешлик" чемпионатларидан бирида ўйнашни истардим. Лекин ҳозирча шошилмаяпман. Барча фикрим ва режаларимни "Анжи"га қаратганман. Бу жамоа билан медаллар ва нуфузли совринларни қўлга киртишни истайман.
— Ўзбекистон терма жамоаси билан қандайдир совринни ютиш истаги йўқми?
— Ўзбекистон ЖЧ саралаш босқичининг илк баҳсида Эрондан мағлуб бўлди. Бироқ Қатарни мағлуб этганидан кейин вазиятни яхшилаб олди. 14 ноябрь куни биз Эронга қарши жавоб учрашувини ўтказамиз. Бу — ЖЧ йўлланмаси учун ҳал қилувчи ўйин бўлади. Бразилияга бориш ҳам улкан орзу.
— Сиз билан битта хонада яшайдиган Алексей Иванов "Мордовия"га ўтиб кетди. У билан ҳамон алоқани ушлаб турибсизми?
— Биз Алексей билан яхши дўстлашганмиз ва алоқани узмаганмиз. Тур ўйинларидан кейин қўнғироқлашамиз ва сўнгги йилларни муҳокама қилдик.
— "Анжи"га янги ўйинчилар келишди. Масалан, Лассана Диарра. У сизда қандай таассурот қолдирди.
— Жуда яхши ўйинчи. У "Анжи"ни анча кучайтирди.
— Тикланиб олганингиздан кейин сиз дарҳол асосий таркибда майдонга тушдигиз. Оғир бўлмадими?
— Узоқ танаффус ўз таъсирини кўрсатади. Шунинг учун ўйин сўнгида чарчоқ сезилди. Бошқа томондан жисмоний ҳолатим айнан ўйин амалиёти орқали тикланади.
— Бир ҳафтада иккита ўйин ўтказиш графиги борасида муаммолар йўқ. Бу ҳафтада сизларни "Ливерпуль" ва "Локомотив"га қарши ўйинлар кутиб турибди.
— Ҳар иккала ўйин Москвада бўлиб ўтади. Шунинг учун қийинчилик бироз камроқ бўлади. Бундай вазиятларда энг қийини — парвозлар. Тикланиш учун энг яхши восита — уйқу. Лекин бу ҳам катта футболнинг бир бўлаги. Еврокубокларда иштирок этадиган барча жамоалар шундай ритмда яшашади.