Саудия Арабистонининг олий футбол лигаси, кейинги етти йил учун режа тузиб чиқди. Бу режани амалга ошириш учун нақ 17 миллиард фунт (20 миллиард евро) пул ажратилган. Аллақачон футбол дунёсининг энг катта номлари Арабистон ярим оролига йўл олган эди. Уларнинг кети узилмаяпти. Яқинда улар ичида Мбаппени кўрсак ҳам ажабланмаслик керак. Мамлакатнинг спорт вазирлиги 17 миллиардни 2030 йилгача футболни ривожлантириш учун ишлатилишини белгилаган.
Шу кеча-кундузнинг энг катта мавзуси Килиан Мбаппе атрофидаги вазият бўлиб турибди. "ПСЖ", ҳужумчи учун "Ал-Ҳилол" таклиф қилган 259 миллион фунтни қабул қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Агарда "янги ойлар" Мбаппени кўндиришга эришса, у ҳолда 24 ёшли ҳужумчига, йилига 600 миллион фунт маош берилиши айтилган. Арабларнинг пул сарфлаши Мбаппе билан чекланмайди. Улар шу ёзнинг ўзида Неймар ва Модрични ҳам Ўрта Шарққа олиб кетишни ният қилган.
Хабарларга кўра, яна ўша "Ал-Ҳилол" Неймар эвазига 38 миллион фунт таклиф қилмоқчи. "ПСЖ" бу пулни олса, араблар Бразилия терма жамоаси аъзосига йилига 172 миллион фунт маош тўлаши мумкин. Худди шундайин, Модрич учун ҳам йирик битим таклиф этиш кўзда тутилган. Хорватиялик ярим ҳимоячи хизматлари учун "Ал-Ҳилол" йилига 170 миллион фунт беришга тайёр.
Роберт Левандовски ҳам аллақачон араблар радарида турибди. Бироқ, ҳужумчи Испанияда қолиш ниятида. Бундан олдин Лукаку, Жейми Варди ва Сон ҳам арабларга рад жавобини берганди. Аммо Европада осиёликлар бераётган йирик таклифларни қабул қилаётган юлдузлар ҳам талайгина. Уларнинг яққол намунаси сифатида Рияд Махрезни келтириш мумкин. Ҳужумчи "Манчестер Сити"га 30 миллион фунт фойда келтирган ҳолда, "Ал-Аҳли" билан ҳафтасига 500 минг фунт беришни кўзда тутувчи битим тузди. Унинг жамоадоши Бернарду Силвага ҳам "Ал-Ҳилол"дан таклифлар бўлган. Агар португалиялик ушбу таклифга розилик берса, у Саудия Арабистонида йилига 41 миллион фунт ишлаб олиши мумкин бўлади.
АПЛдан аллақачон бир нечта таниқли номлар Про-лигага жўнаб кетди. Хусусан, "Челси" юлдузлари Эдуар Менди ва Калиду Кулибали, "МЮ" ҳимоячиси Алекс Теллес ва "Ливерпуль" сардори Жордан Хендерсонлар ўзларига янги клуб танлаб бўлган. Улардан олдин амалдаги "Олтин тўп" ғолиби Карим Бензема "Ал-Иттиҳод" билан умумий қиймати 342 миллион фунтлик битимга имзо чекканди.
Ҳозирдан бемалол айтиш мумкинки, Саудия Арабистонининг Еврофутболга ҳужуми эндигина бошланди ва у кейинги етти йил давомида тинмай давом этади. Негаки, арабларда қиймати 17 миллиардлик режа бор. Зеро, улар пуллари тугамагунча, тўхтамайди.
ИСМАТОВ Ж.