Ўзбекистон ва Сурия ёшлар терма жамоалари ўртасидаги баҳс якунлангангач, бош мураббийлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Ўйиннинг асосий вақти ва қўшимча таймлар 2:2 ҳисобида ниҳоясига етгач, пенальтилар сериясида ўзбекистонликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Сурия терма жамоаси бош мураббийи Муҳаммад Жума пенальтилар сериясини лотереяга ўхшатиб, унда омад ўз жамоасидан юз ўгирганини таъкидлади.
"Мен ўз шогирдларимга миннатдорчилик билдираман. Улар қўлларидан келган барча ишни амалга оширишди. Бироқ бу — футбол", дейди Жума ўйиндан кейин ўз фикрларини билдираркан.
"Пенальти омадга боғлиқ. Биз турли хил услубда пенальт тепишни машқ қилгандик, аммо бугун биз томонда бўлмади. Шунингдек, футболчиларим ҳам катта босим остида бўлишди", дейди мураббий.
"Бугун оғир ўйинни ўтказдик. Биз барча тўрт бўлим давомида яхши ўйнадик. Аммо иккита вазиятда Ўзбекистон гол уриш учун имкон бериб, 2та хатога йўл қўйдик. Ўзбекистон ўзининг иккала голини стандарт вазиятдан киритди. Биз уларга ҳимоямизни ёриб ўтиш учун имкон бермадик. Демак, биз рақибга нисбатан яхши ўйнадик", дея ўз сўзини якунлади Муҳаммад Жума.