Грузиялик Габриэль Сигуага «Янги Хвича» сифатида қарашмоқда. У 19 июль куни маҳаллий вақт билан соат 15:00да Тбилисидан 25 километр узоқликдаги Рустави шаҳрида география фанидан якуний имтиҳонга кирди. Бу вақтда йигитчани атиги 5 соатдан кейин Грузия пойтахтида бошланадиган Европа Чемпионлар Лигаси саралаш босқичи ўйини кутаётганди. Ҳа, кўпчилик ҳаммасини тўғри тушунгандир - 18 ёшли Габриэль шунчаки, оддий мактаб битирувчиси эмас, балки Тбилиси «Динамо»сининг асосий ярим ҳимоячиси!
Хуллас, Сигуа имтиҳондан чиқиб, тўғри пойтахтга йўл олди ва ЧЛ саралаши биринчи босқичи жавоб ўйинининг 57-дақиқасида майдонга тушди. Тўғри, йигитчанинг шошилинч режим бўйича ҳаракатлангани «Динамо»га наф келтиргани йўқ - грузияликлар 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраб, «Астана»ни кейинги раундга кузатиб қўйишди, ўзлари эса курашни КЛ саралашида давом эттирадиган бўлишди. Айтиш жоиз, бундан бир ҳафта олдин Қозоғистонда ўтказилган дастлабки учрашувнинг 57-дақиқасида айнан 18 ёшли марказий ярим ҳимоячи ҳисобни тенглаштириб, «Динамо» ортга катта умид билан қайтишини таъминлаганди. Яна бир жиҳатни эътиборга олиш керак: Габриэль Руставидан Тбилисига микроавтобусда етиб олди. Бу ярим соатлик йўл демакдир. Эҳтимол, унга чарчоқ бироз халақит бергандир жавоб баҳсида...
Умуман, Сигуанинг «Динамо»да дебют қилганига ҳали 1 йил ҳам бўлгани йўқ. Тўғрироғи, у жамоа сафида илк марта 2022 йилнинг августида, Грузия кубоги 1|16 финалидан ўрин олган «Самтредиа»га қарши ўйинда захирадан майдонга тушди. Энди Габриэлнинг ҳозирги статистикасига қаранг: 31та ўйин, 5та гол ва 4та самарали узатма. Сигуа айниқса, 2023 йил баҳоридан катта тезлик олди - 4 март куни «Динамо»да голлари ҳисобини очди, ой охирида эса Грузия миллий жамоасида дебют қилди. Франциялик мураббий Вилли Саньол йигитчани Мўғулистон термасига қарши кечган ўртоқлик ўйини иккинчи ярмида синаб кўрди. Май ойида эса Габриэль ўрта таълим мактабидаги таҳсилни тугатди ва июнда U-21 тоифасидаги Европа чемпионатида қатнашди. Аҳамиятли томони, у якунда Грузия ва Руминияда ташкиллаштирилган турнирда майдонга тушган энг ёш футболчи бўлди. Сигуа бунга қадар ёшлар термасининг атиги 2та ўртоқлик ўйинида иштирок этганди. Грузияликлар учун муваффақиятли якунлаган қитъа чемпионати гуруҳ раундида эса Португалия термасига қарши баҳсда 1 дақиқагина ҳаракатланди.
Габриэль 30 июнь куни 18 ёшга тўлди. Эртасига Грузия ёшлар термаси қитъа биринчилиги 1|4 финалида исроилликларга жуда аламли тарзда йўл бўшатди. Сигуа эса Европа чемпионатидан кейин ҳам дам олгани йўқ, ҳисоби - 4 июль куни Грузия суперкубоги финалида захирадан майдонга тушди. Асосийси, айнан у Батуми «Динамо»си билан бўлган ўйинни, аниқроғи, совринни ўз жамоаси томон судради. Яъни 77-дақиқада ҳисобни тенглаштирди, пенальтилар сериясида эса ҳал қилувчи зарбани голга айлантирди. Шу тариқа Габриэль «Динамо»да иккинчи совринни қўлга киритди - болакай 2022 йили Грузия чемпионига айланган эди (мамлакатда турнирлар «баҳор-куз» тизими бўйича ўтказилади).
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Юқорида таъкидланди, Габриэль июль ойи ярмида ЧЛда ҳам дебютини нишонлади. Асосий факт шуки, Қозоғистонда «Астана» дарвозасига урилган гол Сигуани «Динамо» рекордчисига айлантирди. Аниқроқ айтганда, у Тбилисининг донгдор жамоаси тарихида еврокубокларда гол урган энг ёш футболчи бўлди. Чиндан ҳам, фаолиятнинг таъсирчан бошланиши. Ҳозирда Сигуани кимсан Хвича Кварацхелия билан таққослашмоқда, гарчи «Наполи» юлдузи мутлақо бошқа позицияда ўйнасада. Тушунарлики, Сигуа шу кетишда Грузияда узоқ вақт қолмаса керак-ов...