Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

АПЛ тарихидаги энг яхши трансферлардан тузилган рамзий терма жамоа

Баҳо:
+ | -

Англиянинг гигант клублари тарихда кўплаб омадли харидларни амалга оширган. Аммо шундай трансферлар ҳам бўлганки, улар «Арсенал», «Ливерпуль» ёки «МЮ»нинг ўйин услуби ва қарашларини бутунлай ўзгартириб юборган. Уларнинг айримлари жамоа тарихида янги даврни бошлаб берган. Қуйи­да шундай футболчилардан тузилган рамзий терма жамоа билан танишасиз. Planetfootball.com сайти уларни 4-4-2 тактик схемасига жойлаштирибди.

Дарвозабон: Петр ЧЕХ  

«Челси» 2004 йилда «Ренн»дан ёшгина дарвозавон сотиб олади. Ўшанда 21 ёшли Чехни нималарга қодир эканини деярли ҳеч ким билмасди. Унинг келажагини мухлислар тасаввур ҳам қилишмаган. Чехия афсонаси ўзининг дебют мавсумидаёқ АПЛда 15тагина гол ўтказиб, чемпионга айланганди.  

Марказий ҳимоячи: Виржил ВАН ДЕЙК  

2017-18 йилги мавсум Клопп жамоаси учун зўр бошланади. Жамоа ғалабаларга эришади. Аммо бир муаммо бор эди. У ҳам бўлса, ҳимояда. Шу сабабли 2018 йилнинг январида 75 миллион фунт эвазига Виржил ван Дейк олиб келинди. Мавсум якунида ҳаммаси дарров сезилди. «Ливерпуль» ЕЧЛ финалига етиб борди. АПЛда эса чемпион бўла олмаган бўлса ҳам, 90дан кўпроқ очко тўплай олди.  

Марказий ҳимоячи: Сол КЭМПБЕЛЛ  

2001 йилда кутилмаган воқеа юз беради. «Тоттенхэм»да 300дан ортиқ ўйинлар ўтказган Кэмпбелл «Арсенал»га йўл олади. Бу воқеа Арсен Венгер жамоасининг 2002 йилни чемпионлик билан тугатишига сабаб бўлади. Кэмпбелл «Арсенал» ҳимоясини янги даражага олиб чиққан эди. Бу нарса 2003-04 йилги мағлубиятсиз мавсумда ўз аксини топади.  

Ўнг қанот ҳимоя: Киран ТРИППЬЕР  

«Атлетико» билан 2021 йилги Ла Лига чемпионлигини ютгач, Триппьер яна АПЛга йўл олди. 2022 йилнинг январида лигада қолиш учун курашаётган «Ньюкасл», ҳимоячини сотиб олади. Триппьер келгач, ҳаммаси ўзгарди. Жамоа хавфли ҳудуддан жадвал юқорисига кўтарилди.  

Чап қанот ҳимоя: Патрис ЭВРА  

Балки Эвра «МЮ»да унчалик катта ўзгаришларга сабаб бўлмагандир. Аммо у, шубҳасиз, Фергюсон жамоасининг энг яхши даврларида, энг яхшилардан бири эди. 2005-06 йилги мавсумнинг қишида харид қилинган ҳимоячи, дарров жамоага киришиб кетади. 24 ёшли футболчи шундан кейин 3та АПЛ, 3та лига кубоги ва ЕЧЛ бош совринини 8 ярим йил давомида қўлга киритди.  

Марказий ярим ҳимоячи: КАЗЕМИРО  

Орадан атиги бир йил ўтганига қарамай, Каземирони бемалол ўзгартирувчи эффектга эга футболчи бўлди дея оламиз. Унинг келиши «МЮ»ни титул ютишини таъминлади. Бундан олдин, 6 йил давомида «қизил иблислар» ҳеч вақо юта олмаганди. Каземиро эса майдон марказида туриб, ҳам ҳужумни, ҳам ҳимояни яхшиланишига хизмат қилди.  

Марказий ярим ҳимоячи: Кевин ДЕ БРЮЙНЕ  

«Манчестер Сити» 2015 йилда рекорд сумма, 55 миллион фунт эвазига Де Брюйне харидини амалга оширади. Унинг келгунига қадар ҳам «шаҳарликлар» майдон марказида Давид Силва ва Яя Турелар билан АПЛда ғолиб бўлишга улгурган. Бироқ, бутунлай доминантлик қилиш Де Брюйне билан, Гвардиола даврида бошланади. Футболчи ўз классини намойиш этишда давом этиб келмоқда.  

Ўнг қанот вингери: Муҳаммад САЛОҲ  

Салоҳ 2017 йилнинг ёзида «Рома»дан олиб келинади. У Клопп «Ливерпул»ида кўп нарсани ўзгартира олган фигурага айланади. Янги мавсумдаги мерсисайдликларнинг муваффақиятлари асосида айнан Салоҳ феномени ётганди. Ҳужумчи мавсумни жами 32та гол билан тугатади.  

Чап қанот вингери: Эден АЗАР  

Азар 2012 йилнинг ёзида «Челси»га келган ва 7 йил давомида ЕЧЛ ғолиблигига эриша олмаган. Аммо унинг даражаси сабаб Лондон клуби бошқа совринларга эга чиқади. Бельгиялик «Челси» билан 352та баҳсда 110та гол ва 92та ассистга муаллифлик қилган эди. Азар сабабли жамоа ҳужуми ўзгача тус олади.  

Марказий ҳужумчи: Эрик КАНТОНА  

Француз футболчисининг 1992 йилда «МЮ»га келиши, кўп нарсани ўзгартирган. Айнан Кантона сабабли Фергюсон жамоаси май ойида АПЛнинг илк мавсуми чемпионига айланади. Айтиш мумкинки, Кантона каби 30 йилда ҳеч бир футболчи катта таъсирга эга бўла олмади.  

Марказий ҳужумчи: Тьерри АНРИ  

1997-98 йилги мавсум «Арсенал» учун чемпионлик билан тугайди. Аммо жамоага ҳужумчи зарур эди. Шу сабабли рекорд сумма эвазига 1999 йилда Анри олиб келинади. Унинг келиши «МЮ» билан тенгма-тенг кураша оладиган жамоани шакллантирди. Анри «Арсенал»даги 7 мавсуми давомида 370та ўйинда 226та гол уради. Бу давр эса клубнинг энг шонли пайтлари эди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 16:30, 06.08.2023.
Ўқилди: 2599 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.