Суперлига 16-туридан ўрин олган ОКМК – «Олимпик» (2:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Тимур Кападзе ўз фикрларини билдириб ўтди.
“ОКМКни ғалаб билан табриклайман. Олмалиқликларга халқаро майдонда омад тилайман. Иккала жамоа ҳам бугун яхши ҳаракат қилди. Имкониятларимиз бўлди, нафақат дуранг, балки, ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Жамоалар натижа учун тўп тепишди. ОКМК ўз имконияларини голга айлантирди, биз эса йўқ. Олмалиқликлар бугун майдонда кўпроқ иккинчи рақам остида ўйнашди. Қарши ҳужумларда бизни жазолашга ҳаракат қилди. Ўйлашимча, бугунги баҳс иккала мураббий учун ҳам фойдали бўлди.
Футболчилар ҳали ёш. Уларнинг руҳиятида пасайиш бўлиши мумкин. Йигитларнинг ўзи ғалаба қозонишни истаяпти. Балки менинг босимим ҳам ўз таъсирини кўрсатаётгандир. Ўйин жиҳатдан ғалабага эришсак бўлар эди, бугун ҳам, олдинги баҳсларда ҳам. Умуман олганда, бундай учрашувларда фойдали жиҳатлар кўринмоқда ва улар устида иш олиб боряпмиз.
ОТЖ учун Суперлига баҳслари қурбонлик қилинмаяптими? Йўқ, ундай эмас. ОТЖ таркибида бошқа клуб футболчилари ҳам бор ва энг кучлилар йиғилади. Биринчи даврада ўйин амалиётисиз қолиб кетган футболчиларни жамоамизга жалб қилдик. Ким яхши формада бўлса, термага чақирилади. «Олимпик» ва ОТЖ доим ўзаро алоқада. Хорижда 5 футболчимиз тўп тепяпти. Бундан ташқари, қолган клублар сафида ўйнаётганлар ҳам бор. Уларнинг кўплиги мени хурсанд қилади. Олдимизда муҳим ўйинлар кутиб турибди. Барчанинг жисмоний ҳолатига қараб, термага чақирамиз”, – деди Кападзе.