АПЛ ўн йиллар давомида дунёнинг энг ёрқин футбол юлдузларига макон бўлиб келди. Афсуски, уларнинг айримлари бошқа лигаларга йўл олиб, Англиядаги ўйинларини кўрсата олмаган. Ана шундай юлдузлар ҳақида қуйида билиб оласиз. Шунингдек, Харри Кейнни ҳам кўздан қочирмаслигимиз керак. Негаки, у АПЛда йирик юлдуз эди. "Бавария"да эса бу нарса қайта такрорланмаслиги ҳам мумкин.
Эден Азар
Бельгиялик АПЛда эканида, ҳеч бир ҳимоячи унга бас кела олмасди. Унинг чаққон оёқлари ва техникаси рақиб ўйинчилари учун Азарни даҳшатга айлантирган. Плеймейкер даврида "Челси" икки бор АПЛ чемпионлигига эришади. 2019 йилда у "Реал"га йўл олганди. Азар Мадридда жароҳатлар гирдобидан чиқа олмай қолди. Шу сабаб шу ёзда шартномасини муддатидан олдин якунлаб, эркин агентга айланди. Азар футболдан бутунлай кетиш арафасида турибди.
Филиппе Коутиньо
"Ливерпуль" порлаган футболчини ҳамма "Барселона"да кўришни истайди. Аммо Коутиньо, ўз даражасига Каталонияда ҳам чиқишни уддалай олмайди. Андреас Иньеста ўрнини тўлдириши кутилган ярим ҳимоячи, унинг яқинига йўлай олмади. "Барселона" билан 100 дан ортиқ баҳсда майдонга тушганига қарамай, бразилияликка жой топилмади. Хави у билан хайрлашди. "Астон Вилла" Коутиньони 2017 йилдаги нархидан бир неча бор арзонга харид қилди.
Майкл Оуэн
Инглиз ҳужумчиси "Ливерпул"да тенгсиз эди. У "Реал" сафига 158 та гол, олтита катта соврин ва "Олтин тўп" билан ташриф буюради. Оуэн Испанияда фақатгина бир мавсум қолди, холос. Ҳужумчи бу пайтда "Реал" учун 16 та гол урган. Гарчанд Оуэнга етарличи ўйин вақти берилган бўлса, бу давр у учун етарли бўлмади. Охир-оқибат у яна АПЛга қайтганди.
Садио Мане
"Ливерпуль" мухлислари бундан бир йил олдин Манени сотмасликни клубдан талаб қилганди. Аммо сенегаллик ҳужумчи барибир кетди. У Германияда Левандовски ўрнини эгаллаши керак эди. 31 ёшли футболчи буни удда қила олмади. Бир мавсум давомида Мане ўзи эришган олдинги барқарорликни топа олмай қолади. У, аксига олиб, жамоасига зарар келтира бошлади, Сане билан жанжаллашиб, жаримага ҳам тортилди. Хуллас, биз ҳам Садио Манени қайта топа олмадик. У ҳам тақдирга тан берган ҳолда Саудия Арабистонига кетди.
Неманья Видич
Видич АПЛда дунёнинг энг яхши ҳимоячисига айланади. Аммо у, ўзи "Манчестер Юнайтед"да эришган даражасига Италияда қайта чиқа олмайди. "Интер" билан бир мавсум бўлган футболчини жароҳатлар қийнай бошлайди. Боз устига, Видич ўзининг пик давридан ўтиб бўлганди. Шу сабаб у бир мавсумдан кейин шартномасини икки томонлама тугатишга қарор қилади.
ИСМАТОВ Ж.