Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сўнгги турлар доирасида бўлиб ўтган учрашувлардаги интизомий ишлар кўриб чиқилди.
Суперлига
“Нефтчи” — “Сўғдиёна”
Ўзбекистон Суперлигасининг 16-тури доирасидаги “Нефтчи” — “Сўғдиёна” учрашувида “Сўғдиёна” вакили Милан Митрович майдон атрофида ишлаётган тўп олиб берувчи болаларга нисбатан футболчиларга хос бўлмаган қўпол ва тажовузкор хатти-ҳаракат содир қилган. Дарвозабоннинг бу хатти-ҳаракати оқибатида стадионда тартибсизликлар юзага келган ва бир қатор футбол ишқибозлари техник зона чегараларини кесиб ўтиб, майдонга тушишга, оммавий жанжал келтириб чиқаришга ҳаракат қилган.
Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Милан Митровичга ("Сўғдиёна") нисбатан 2 та ўйинга четлаштириш ва жарима интизом чораси қўлланилди.
Шунингдек, учрашув якунлангандан сўнг “Нефтчи” футбол клуби мухлислари трибунадан майдонга югуриб чиққанлиги, учрашув вақтида ва учрашув якунлангандан сўнг майдон ҳамда футболчилар томонга турли буюмлар улоқтирилганлиги, оммавий тартибсизликлар келтириб чиқарилгани сабаб “Нефтчи” футбол клубига нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.
Мазкур ҳолат такрорланган тақдирда “Нефтчи” футбол клубининг уй учрашувларини мухлисларсиз ўтиши тўғрисида огоҳлантирилди.
"Андижон" — "Сурхон"
Суперлиганинг 15-тури доирасидаги “Андижон” — “Сурхон” учрашуви якунланганидан сўнг “Андижон” клуби уй учрашувлари ўтказиладиган стадион матбуот анжумани залида айрим шахслар овқатланиши ташкил этилиб, спиртли ичимликлар ичилгани, тартибсизликлар вужудга келтирилгани қайд этилган. Бу – "Суперлига ва Про лига регламенти"нинг 15.4-бандида футбол клуби ўз томошабинлари (жамоа мухлислари), шунингдек, клуб номидан бирор-бир учрашувда муайян вазифани бажараётган ҳар қандай шахс хулқи учун жавобгар эканлиги, шунингдек “ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган тадбирлар ва мусобақаларда ишловчи ОАВ вакиллари учун медиа йўриқнома”нинг 2.9-бандида медиа трибуна, матбуот анжуманлари зали ва медиа марказга расмий тадбирлар вақтида ОАВ ходимларидан ташқари бошқа шахслар киритилиши тақиқланиши тўғрисидаги қоидаларга зид ҳисобланади.
Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, “Андижон” футбол клубига нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди. Мазкур ҳолат такрорланган тақдирда “Андижон” клубининг уй учрашувлари мухлисларсиз ўтиши тўғрисида огоҳлантирилди.
“Металлург” — “Навбаҳор”
Суперлиганинг 15-тури доирасидаги “Металлург” — “Навбаҳор лочинлари” учрашуви якунлангандан сўнг “Металлург” футбол клуби футболчиси Акмал Ортиқов “Навбаҳор” футбол клуби расмийларига нисбатан футболчиларга хос бўлмаган ножоиз хатти-ҳаракат содир қилгани қайд этилган.
Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Акмал Ортиқов ("Металлург") нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.
“Сурхон” — “Турон”
Суперлиганинг 16-тури доирасидаги “Сурхон” — “Турон” учрашувининг 79-дақиқасида “Турон” футбол клуби футболчиси Хуршид Мухторов рақиб ўйинчисининг юз ва кўкрак қисми атрофига қўли билан зарба бергани учун майдондан четлаштирилган.
Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Хуршид Мухторовга ("Турон") нисбатан 2 та ўйинга четлаштириш интизом чораси қўлланилди.
Про лига
“Динамо” — “Юниред”
Про лиганинг 13-тури доирасидаги “Динамо” — “Юниред” учрашувининг 66-дақиқасида “Юниред” клуби футболчиси Сайёдбек Давронов тўп учун курашиш вақтида оёғининг таг қисми билан рақиб ўйинчисининг оёқ қисмига зарба бергани учун майдондан четлаштирилган.
Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Сайёдбек Давроновга ("Юниред") нисбатан 3 та ўйинга четлаштириш интизом чораси қўлланилди.