«Пахтакор» клуби ўзининг 9-чемпионлигини нишонлаганидан сўнг клуб вице-президенти Самвел Бабаяннинг матбуот анжуманида иштирок этиб ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Жамоа ўз тарихидаги энг қийин чемпионликни қўлга киритди. Бу билан жамоамиз мухлисларини табриклаймиз. Гарчанд, сўнгги тўрт мавсумда чемпионликни қўлга кирита олмаган бўлсакда, сўнгги турларга қадар кураш олиб борар эдик. Ёш бўлишимизга қарамай рақибларимиз осонликча ғалаба қозонмасдилар. Бугун эса академиямизда таҳсил олган йигитларимиз томонидан қўйилган пойдевор ўзининг биринчи мевасини берди. Бу билан тўхтаб қолиш ниятимиз йўқ. Олдимизда катта мақсадлар кўп», дейди Самбел Бабаян.
- Бош мураббий масаласи қандай ҳал этилади?
- Ҳар бир инсон ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаради. Биз ўз олдимизга нафақат футболчиларни, балки мураббийларни ҳам тарбиялашни мақсад қилганмиз. Алексей Евстафеев ва Дилшод Нуралиев бунга мисол бўла оладилар. Мурод Исмоилов эса ўзига билдирилган ишончни оқлай олди. Тўғри, «Пахтакор»ни ўз бошқарувига олган мураббийлар савия ва тажриба жиҳатидан кучли эдилар, лекин ўзимизда ҳам уларга рақобат қила оладиган мутахассислар йўқ эмас. Бош мураббий масаласига йил сўнггида раҳбарият ва жамоа ҳомийларининг йиғилишидан сўнг ойдинлик киритилади.
- Таркибга легионерлар жалб этиладими?
- Ҳа, лекин асосий вазифа маҳаллий ёшларга қаратилади. Уларга ўз тажрибаси билан ўртоқлаша оладиган, ҳақиқатдан ҳам кучли бўлган футболчини жамоамизга чақиришимиз мумкин.
- «Бунёдкор» жорий мавсум ОЧЛда яхши қатнашди, улардан ўзиб кетиш режангиз борми?
- «Бунёдкор» бизнинг натижамизни такрорлади холос. Ёдингизда бўлса, жамоамиз анча аввал ОЧЛ ярим финалига икки маротаба йўл олган эди. Ўшанда, бугунги кунда ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлиб олган футболчиларимиз Сервер Жепаров, Тимур Кападзе ва Александр Гейнрих каби футболчиларимиз, ҳозирги «Пахтакор» футболчиларининг ёшида эдилар. Анча ёш бўлишимизга қарамай ОЧЛда муносиб иштирок этар эдик. Ҳозирги таркиб ҳам йиллар давомида ОЧЛда «пишди». Энди уларнинг олдига жиддий вазифани қўйишимиз мумкин. Келаси йили ОЧЛда нечта жамоа иштирок этиши ҳозирча маълум эмас. Лекин биз аниқ қатнашамиз ва бу билан ўз статистикамизни яна битта ОЧЛга бойитиб олдик. «Пахтакор»ни Осиёда тутган ўрни катта ва биз ОЧЛда доимий иштирок этадиган ягона жамоамиз. Музейимизни безаши мумкин бўлган ягона соврин бу Осиё чемпионлар лигаси. Унга албатта эришамиз. Ўз пайтида МДҲ Кубогида қатнашишдан мақсадимиз унда ғалаба қозониш эди. Биз 2007 йил ушбу кубокни қўлга киритдик, ўша йили «Шахтёр»ни асосий таркибини мағлубиятга учратиб бош совринга эга чиққанмиз.
- Ижарадаги футболчилар жамоага қайтариладими?
- Ижарага бериш сиёсати ўзини ҳар доим оқлаб келган. Бу билан биз кераксиз футболчилардан ҳоли бўлмаймиз. Ўз пайтида Ислом Иномов, Камолиддин ва Фарҳод Тожиев ҳамда Анзур Исмоилов каби футболчиларимизни ижарага берганмиз. Бу улар учун катта мактаб вазифасини ўтаган ва улар ҳозирда терма жамоа аъзолари. Декабрь ойининг ўрталарида янги мавсумга тайёргарликни бошлаймиз ва унда ижарага берилган барча футболчилар иштирок этадилар.