Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Самвел Бабаян: “Эртанги ўйинда зафар қучиш учун қандай ўйнаш лозимлигини яхши биламиз”

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) саралаш баҳси доирасида "Навбаҳор" сафарда “Ал-Вакра” (Қатар)га қарши майдонга тушади. Мазкур баҳс эртага Тошкент вақти билан соат 20:30 да старт олади.

ОЧЛ мусобақаси регламентига мувофиқ, бўлажак беллашув олдидан ҳар икки жамоанинг бош мураббийлари ва бир нафардан футболчилари иштирокида бугун эртанги учрашув бўлиб ўтадиган Ал-Вакра шаҳридаги “Ал-Жануб” стадионида бўлажак ўйиндан олдинги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаян ва “лочинлар”нинг тажрибали ярим ҳимоячиси Азимжон Аҳмедов эртанги баҳс борасида ўз фикрларини билдиришди ҳамда ОАВ ходимларининг бўлажак учрашувга оид саволларига жавоб беришди.

Одатдагидек, “Навбаҳор” устози ва футболчиси матбуот анжумани аввалида эртанги ўйин ҳақидаги фикрларини билдиришди.

Самвел Бабаян: — Ассалому алайкум! Барчага хайрли кун! Осиё Чемпионлар Лигасига қайтиш ёқимли ҳамда клубимиз ва мамлакатимиз шарафини ушбу нуфузли мусобақада ҳимоя қилиш биз учун катта шараф ҳамда масъулият.

ОЧЛда биз юртимизнинг футболсеварлар вилояти ҳисобланувчи Наманган шарафини ҳимоя қиламиз. “Навбаҳор” кўплаб мухлисларга эга ва улар жамоани муносиб тарзда қўллаб-қувватлашади. “Навбаҳор” ОЧЛда илк марта қатнашмоқда.

Умид қиламанки, сўнгги мавсумларда Ўзбекистон чемпионатининг етакчи клубларидан бири сифатида қайд этилаётган  “Навбаҳор” кейинчалик ушбу нуфузли турнирнинг мунтазам иштирокчисига айланади.

Бўлажак ўйиндаги мақсадимиз албатта, ўзимизга керакли бўлган ижобий натижага эришиб, ишқибозларга қувонч улашиш.

Эртанги рақибимиз яхши шаклланган жамоа ва жорий мавсумда ўз таркибини маҳоратли футболчилар ҳисобига кучайтириб олди. Буни “Ал-Вакра” янги мавсумнинг илк туридаёқ 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганидан ҳам билса бўлади.

Ўз ўрнида бўлажак баҳс ўтказиладиган стадионни ҳам эътироф этмоқчиман. Мазкур ўйингоҳ ЖЧ-2022нинг безагига айланганди. “Ал-жануб” ажойиб архитектура ва дизайн санъати уйғунлигини ўзида жамлаган стадион.

Менимча, ҳар бир мураббий учун ушбу стадионга жамоасини бошлаб тушиш, футболчилар учун эса шундай ўйингоҳ майдонида тўп тепиш улкан шараф ҳисобланади.

Эртанги ўйин жуда қизиқарли тарзда кечади ва ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, менимча.                  

Азимжон Аҳмедов: — Аввало барчага салом! Эртанги учрашув жуда қизиқарли тарзда кечади, деб ўйлайман. Биз бу ерга Наманган аҳлига, мухлисларимизга хурсандчилик улашиш мақсадида, ташриф буюрдик. Худо хоҳласа, бўлажак баҳсда зафар қучиб, мухлисларимизга қувонч улашамиз.

— Эртанги рақибингиз — “Ал-Вакра” борасидаги фикрингиз қандай?

Самвел Бабаян: — Бу ҳақда ҳозиргина тўхталиб ўтдим. Бўлажак рақибимиз маҳоратли футболчиларга эга жамоа. “Ал-Вакра” ўтган мавсумда 4-ўринни эгаллади. Шунингдек, жамоа янги мавсум ва бўлажак баҳсга жиддий тарзда тайёргарлик кўрган ҳолда, мавсумлар оралиғида ўз таркибига маҳоратли футболчиларни жалб этди.

Шунингдек, “Ал-Вакра”ни тажрибали мутахассис бошқараётганлигини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Бундан ташқари, жамоанинг заиф чизиғи йўқлиги, ҳар бир позициядан яхши футболчилар жой олганлиги, захирадан майдонга тушадиган ўйинчи ҳам ўйинни кучайтириш салоҳиятига эга эканлигини ҳам айтиб ўтмоқчиман.     

Азимжон Аҳмедов: — “Ал-Вакра”ни кўп ўргандик, жамоа сафидан яхши футболчилар ўрин олишган.

— Эртанги рақиб - “Ал-Вакра”нинг ўйин услубини қанчалик ўргандинглар?

­Самвел Бабаян: ­— Таъкидлаганимдек, “Ал-Вакра” таркибида кучли, шунингдек, ўз мамлакати терма жамоасига номзод бўлган кўплаб футболчилар бор. Албатта, рақибимизнинг кучли жиҳатлари кўп. Аммо “Ал-Вакра”нинг ўйин услубини пухта ўргандик ва эртанги ўйинда зафар қучиш учун қандай ўйнаш лозимлигини яхши биламиз. Лекин бу ҳозирча сир бўлиб қола қолсин.

— Сизнингча, “Ал-Вакра”нинг энг кучли чизиғи қайси?

Азимжон Аҳмедов: –­ Рақибнинг ўйин услубини яхшилаб ўргандик ва менимча, “Ал-Вакра” кучли ҳужум чизиғига эга.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: www.pfcnavbahor.uz
Киритилди: 23:35, 21.08.2023.
Ўқилди: 2512 марта.
Фикрлар: 25 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.