Жорий мавсум "Пахтакор"ни чемпионлик сари етаклай олган футболчилардан бири, бу шубҳасиз Кахи Махарадзе бўлди. Аллақачон ўзбекистонлик футболчига айланиб қолган бу ўйинчи яқинда такси ҳайдовчисини лол қолдирган эди. Хуллас, Шахбоз Эркинов Қибрайдаги қароргоҳимизга кетаверишда йўл-йўлакай Кахижонни ҳам уловига ўтказади ва то Қибрайга боргунича Кахига фақат ўзбек тилида савол берар, Махарадзе эса унга рус тилида жавоб қайтарар ёки аксинча. Манзилга етган ҳайдовчи, тўхтаб туриб: "Шахбоз, сизнику танийман, ўзбексиз. А, бу грузин-ку!", - дея ҳайратини яшира олмаган эди.
"Европада мураббий ёки футболчи янги чемпионатга ўтадиган бўлса, аввало ўша юрт маданияти ва тилини ўзлаштириши керак. Шундагина унинг ўйини ва мухлислар олдида тутган ўрни ортади. Мен тўрт йилдир-ки, Ўзбекистонда фаолият олиб бораяпман. Ўзбек тилини тўлиқ биламан деб айта олмайманку, лекин 60 фоизга тушунаман. Гапиришда бироз қийналаман. Лекин ҳаётий сўзларда муомула қила оламан. Ўзбекистонга жуда тез кўникиб кетдим. Яна шу нарсани англаб етдимки, бу ерга келиб адашмадим. Ўзбекистон рафиқамга ва фарзандига ҳам жуда ёқади" - дейди Кахи Махарадзе.
Бир маротаба Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган грузин футболчиси фаолиятидаги иккинчи чемпионликни "Пахтакор" сафида тантана қилди.
- Илк маротаба Грузия чемпионатида чемпионликни қўлга киритганимда 17 ёшда эдим. Биз ўшанда УЕФА лигаси гуруҳ ўйинларида иштирок этганмиз. Бу "Динамо" Тбилиснинг олтин авлодларидан бири эди. Бугун эса "Пахтакор" сафида Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Айтишим мумкин-ки, жамоамиздан ҳеч ким бундай натижани кутмаган эди. Ҳимоя тубдан янгиланди. Хошимов ва Кримец лигада дебют мавсумларини ўтказдилар. Ёш бўлишига қарамай Козак икки йилдан ошибдики, асосий таркиб ўйинчиси. Бу йигитлар ўзбек футболининг келажаги деб айта оламан. Шунингдек, Темурхўжанинг ўйинида ҳам катта ўсиш бўлди. Биз "қария"лар эса уларга тўғри йўлни кўрсатиб юборсак бўлгани. Бу борада Илҳомнинг хиссаси катта бўляпти.