Туркиянинг "Саран" компанияси ОФК Чемпионлар лигаси ўйинларини Осиё мамлакатларида трансляция қилиш бўйича эксклюзив ҳуқуқларни ОФКдан сотиб олган.
"Саран", ўз навбатида, бу ҳуқуқларни Осиё давлатларидаги маҳаллий телерадиокомпанияларга сотади. Ўзбекистонда Чемпионлар лигасининг ўтган йилги мавсумини трансляция қилган "УзРепорт" канали бу йил ОЧЛ ҳуқуқларини сотиб олмаслигини маълум қилган.
"Саран" эса ЎзМТРКга трансляция ҳуқуқларини сотиб олишни таклиф қилган. Лекин, "Саран" трансляция ҳуқуқлари учун сўраётган сумма деярли 1 миллион АҚШ доллари атрофида.
Бундан ташқари, "Саран" трансляция учун талаб қилаётган техника Ўзбекистонда мавжуд эмас. Яъни биронта каналимиз ОЧЛ ўйинларини трансляция қилмоқчи бўлса, техникани "Саран"дан ижарага олишига тўғри келади. Шу сабабдан ОЧЛ ўйинларини Ўзбекистонда трансляция қилиниши сўроқ остида қолмоқда.