«Реал» бош мураббийи Карло Анчелотти Италия чемпионати расмий матбуот хизмати - Radio TV Serie A журналистлари билан суҳбатда асосан халқаро футболидаги ўзгаришлар юзасидан фикр юритди.
Лекин дон Карло Бразилия миллий жамоасига боғлиқ саволга жавоб беришдан қочди: «Спаллетти Италияси ва Анчелотти Бразилияси ўртасида финалми? Бу ажойиб интервью бўлди, раҳмат...».
Ҳозирги ҳолати
- Ҳамон ишдан завқланяпман. Ҳар куни футболчилар билан шуғулланиш, жамоа учун янги ечимлар излаш - мароқ. Иштиёқим ҳам олдингидек баланд. Бинобарин, футбол эволюциясига ўз-ўзидан мослашиб бораверасиз, фақат ёшингиз ўзгаради, холос.
Келажаги
- 1 июлгача «Реал»да ишлашим аниқ, лекин қайси йилгача? Шуниси номаълум. 2026 йилгача? Йўқ, ҳали бир тўхтамга келмадим.
Икки давр фарқи
- Майдонда бўлсангиз, футболни теранроқ ҳис этасиз. «Рома»даги давр - ажойиб тажриба. Эсимда, мени темирйўл станциясидан олиб, клуб штаб-квартирасига олиб борган таксичига пул бераётганимни кўриб қолган тиффозилар ҳайдовчини роса ҳақоратлашганди: «Рома» футболчилари тўламайдилар». Кейин билсам, ўша бечора таксичи «Лацио» тарафдори экан. Илгари на мобиль телефонлар ва на PlayStation бор эди. Жамоаларда бошқача муносабатларни кўрганмиз - мустаҳкам дўстлик, меҳр-оқибат... Ҳозир эса ҳаммасига профессионал ёндашув бор.
Мобиль телефонлар бўйича тақиқ
- Футболчи масъулиятни унутмаслиги, уяли телефондан қачон фойдаланишни яхши билиши керак. Аслида табиатан қандайдир тақиқларни ёқтирмайман. Фақат футболчи чегарадан чиқсагина вазиятга аралашишдан ўзга чорам қолмайди.
Саудия Арабистони футболи
- Араблардан тўғридан-тўғри таклиф олмадим. Умуман, «Мадрид»да бахтлиман ва буни ҳамма билади.
Жозе Моуриньога муносабат
- Биз бир неча бор учрашдик, ўйинларда йўлларимиз кесишди. Ўртамизда ўзаро ҳурмат-эътибор бор - бу масофавий дўстлик.
«А» серияга таъриф
- Испанияда Италия чемпионатига қизиқиш катта, чунки катта жамоалар бор. Скудеттони қайси клуб ютади? Билмадим. Лекин даъвогарларни айта оламан: аввало, «Наполи», «Милан», «Интер» ва «Ювентус», кейин «Рома», «Лацио», «Аталанта», «Фиорентина». Еврокубокларсиз қолган «кекса синьора» анча хавфли бўлиши мумкин.
Ирқчилик иллати
- Бу муаммо билан яшаш мумкин эмас, уни йўқотишимиз шарт. Қувонтирган томони, Винисиус атрофидаги ҳолат яхшиланди, дастлабки бир неча ўйинда ҳеч қандай ҳақорат эшитмадим. Ҳаммаси шундай давом этишидан умидворман. Акс ҳолда, ҳакам ўйинни тўхтатиш ҳуқуқига эга.
Замонавий мураббийлар
- Гвардиола, де Зерби ёки Артета каби ўйинга катта энергия сарфлайдиган, Бордаласдек шогирдларига кучли мотивация берадиган мураббийларга ҳурматим баланд. Лекин ҳеч кимни бошқалардан устун кўрмайман.
Роналдо ёки Роналду?
- Бразилиялик ўз даврида тенгсиз эди, португалиялик эса охирги йиллар Месси билан ҳукмронлик ўрнатди. Умуман, ҳар иккиси билан ишлаш бирдек роҳат бағишлади.
Мураббийлик фаолияти якуни
- Нафақада бахтли оила бошлиғи, бобо, сайёҳ ва тиффози бўлишни хоҳлардим. Футбол менга кўп нарса берди, айниқса, доимий иш қувончи учун қарздорман.
- Скудеттони қайси клуб ютади? Билмадим. Лекин даъвогарларни айта оламан: аввало, «Наполи», «Милан», «Интер» ва «Ювентус», кейин «Рома», «Лацио», «Аталанта», «Фиорентина». Еврокубокларсиз қолган «кекса синьора» анча хавфли бўлиши мумкин.
МУҲАММАДХОН тайёрлади