Белидаги оғриқ туфайли Барселонада жарроҳлик муолажасини олаётган Гвардиола «Манчестер Сити»нинг бир неча учрашувларини ўтказиб юборадиган бўлди.
Клуб директори лавозимида ишлаётган унинг дўсти ва касбдоши Бегиристайннинг ишлари рисоладагидек. Яқинда унинг қабулига нақ 60 миллион евро эвазига Жереми Доку ташриф буюрди. Бельгиялик вингер «Сити» билан 5 йиллик шартнома имзолади. Доку ўтган мавсумда алдамчи ҳаракатларни амалга ошириш бобида 6,72 балл жамғариб, Европанинг энг яхши дриблёри унвонига сазовор бўлди. «Аталанта» аъзоси Бога 2-ўринни банд этди, «Герта» вакили Эжуке эса етакчи учликдан жой олди.
Биргина алдамчи ҳаракатларнинг ўзи ҳеч нарса бермайди, ўйинчи маҳоратига у билан баҳо берилмайди. Мисол учун, энг сара дриблёрлар ўнлигида Кварацхелия йўқ. Аммо техника бобида Докуга тенглаша олмайдиган «Байер» аъзоси Вирц, «Аякс» вакили Эжуке, эндиликда «Вест Хэм»да ўйнайдиган Қуддус, «Ньюкасл»дан Саудияга ўтиб кетган Сен-Максименлар бор. Докунинг 1-ўринни эгаллагани эса умуман ҳайрон қолдирмайди. Бу йигит дриблинг учун яратилган, 21 ёшли футболчи иккала оёғи билан самарали тўп суради, юқори тезликка эга. Бўйи баланд бўлмагани учун, оғирлик маркази пастда, бу эса уни тўхтатиб қолишда рақибларига қийинчилик туғдиради. Боз устига, у жуда бақувват ва яккакурашларда тўқнашувлардан чўчимайди. 3 йил муқаддам Доку «Андерлехт»дан 26 млн. евро эвазига «Ренн»га ўтганди. Ҳозирда Франция олимпия терма жамоасини бошқараётган Бельгия терма жамоасининг собиқ ёрдамчи мураббийи Тьерри Анри Жеремига қуйидагича баҳо берганди: «Доку билан бирга,бир вазиятда қолган футболчи учун фақат битта вариант мавжуд - ибодат қилиш».
«Арсенал»нинг афсонавий ҳужумчиси мақтовни бир оз ошириб юборди. Аслида, Доку дриблингга муккасидан кетган. Шу боис, унинг алдамчи ҳаракатларининг самараси юқори эмас. «Ренн»да у 92 учрашувда 12та гол ва 10та ассистни амалга оширганди. Кўрсаткич Холанднинг «Боруссия»даги натижасидан паст. Лекин Жереми марказий ҳужумчи эмаслиги ҳам ҳақиқат, унинг майдондаги вазифаси ҳам, ҳаракат доираси ҳам ўзгача, у қанотларда тўп суради.
Доку Роналдиньо ва Зеедорфни эслатади
«Реал»га келишидан анча аввал таҳлилчилар Беллингемни Зиданга ўхшатишганди. Антропометрик маълумотлар ва ўйинчиларнинг майдондаги одатлари ўхшаш бўлиши мумкин. Бу борада Доку Роналдиньони эслатади - бразилиялик афсона оёқларини кенг қўйган ҳолда икки томонга рақсга тушаётгандек ҳаракатланарди. Жереми ёшлигидан анча ортга чекиниб, дриблинг эвазига тўпни узоқроқ олиб юришни хуш кўради. Месси фахрийлик даврида шу усулда ўйнайди, аммо Докуни у билан таққослаш тўғри эмас. Лео снайпер вазифасини теранроқ тушунади. Шунингдек, кўпроқ вақтини юриш билан ўтказади. Жереми эса кўп югуради ва чарчаб қолади.
Ёш футболчи жамоадошини тўп билан таъминлашга одатланиши лозим. Ўтган мавсумда зарба учун пас узатиш борасида Лига1да Месси эмас, «Лилль» вакили Кабелла етакчи бўлди. Ўз вақтида бу жамоада Эден Азар шундай ўйин эвазига «Челси»га ўтган ва Англия чемпиони ва АПЛнинг энг яхши ўйинчиси бўлганди. Доку шундай бўла оладими?
Ҳозирча «Манчестер Сити»нинг янги аъзоси мавсумда 30та узатмани амалга оширган, Головиннинг кўрсаткичи - 59. Лекин буни Докунинг жароҳати билан изоҳлаш мумкин. «Ренн»да 50та ўйинни ўтказиб юборгани Жереми учун салбий натижа. Бироқ Гвардиола вингернинг тўла соғайиб кетишидан, «Сити»нинг машғулотлари уни қалтис ҳаракатларни камайтириб, зарбалар ва узатмаларга кўпроқ эътибор қаратишидан умидвор.
Гвардиола ҳужумдаги вариантларни кўпайтирмоқда
«Шаҳарликлар» «Вест Хэм» плеймейкери Пакетани харид қилмоқчи эдилар. Бироқ у можарога аралашиб қолди. Айтишларича, унинг яқинлари сариқ карточка олишига йирик маблағ ваъда қилишган. Агар терговда бу исботланса, футболчи жазога тортилади, «болғачилар» 100 миллиондан маҳрум бўлишади. «Вулверхэмптон» эса португалиялик хавбек Матеуш учун 60 млн. еврога эга бўлишлари мумкин.
Ҳозирча «Сити» Докуни сотиб олди. Ҳужумчилар учлигида Холанднинг қадрдон шериги Грилиш бор. Лекин Маҳрез кетганидан кейин ҳам шайхларда танлов етарли. Фоден, Альварес ва Бернарду унинг ўрнини тўлдириши мумкин. Хосепга эса турли услубдаги ўйинчилар керак. Улар Докудан икки соф ҳимоячили ажабтовур схемада ўнг қанот латерали сифатида фойдаланишлари мумкин. Агар Жереми ортида тажрибали Уокер тўп сурадиган бўлса, ўта кучли ўнг қанот шаклланади.
Докунинг рақобатчилари жуда кўп. Лекин у Гвардиоланинг кўрсатмаларига риоя қилса ва АПЛда жиддий жароҳатлардан узоқ юра олса, «шаҳарликлар» 60 «лимон» эвазига 1-2 йил ичида таркибни худди «Реал»даги Винисиус кучайтира оладиган ажойиб ўйинчига эга бўлишади. 21 ёшида камдан-кам футболчи Докудек ақл-идрок билан тўп суради. Лекин шуниси ҳам борки, Жереми муваффақиятли ўйинларда ажойиб таассурот қолдиради. Гвардиола навқирон шогирдининг омадсиз ўйинлари камроқ бўлиши учун барча имкониятлардан фойдаланиши лозим. Рақобатчилардан ортда қолишни истамаётган «Сити» мутасаддилари трансфер мавсуми якунида бир қатор келишувларни муҳокама қилишмоқда.
АПЛнинг ёзги анъанасига биноан, яна бир воқеани қўшимча қиламиз. Бошқа бир қатор футболчилар каби Доку ҳам «Ливерпул»га ўтиши мумкин эди. Фақат ҳозир эмас, балки бундан 5 йил аввал. Ўшанда уни Жеррард, Вейналдум ва Мане жамоага чорлашган, Жереми ота-онаси билан Ливерпулга келган, унга Муҳаммад Салоҳ имзоси туширилган футболкани совға қилишганди. Бироқ бу уринишлар натижа бермаганди. Доку илк шартномасини «Андерлехт» билан имзолади, энди эса Юрген Клоппнинг асосий рақобатчиси сафида тўп суради.
Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади