Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Гулнора Аъзамова: «Жамоамиз ҳужумкор ўйин кўрсатади»

Баҳо:
+ | -
Сурат муаллифи — Ҳасан Пирмуҳаммедов

Ўзбекистон футбол федерацияси мажлислар залида Осиё чемпионати йўлланмасини йўлган киритган 16 ёшгача бўлган Ўзбекистон қизлар терма жамоаси бош мураббийи Гулнора Аъзамова ва ЎФФ Терма жамоалар маркази раҳбари Асқар Толибжонов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

"16 ёшгача бўлган Ўзбекистон қизлар терма жамоасининг Осиё чемпионатига чиққани муносабати билан бош мураббий Гулнора Аъзамова ва Ўзбекистон аёллар футболи ассоциацияси раҳбариятини табриклайман. Ушбу жамоа дастлаб Қарши шаҳрида ташкил этилиб, Осиё чемпионатининг саралаш босқичига тайёргарликнинг сўнгги босқичини Тошкентдаги Терма жамоаларни тайёрлаш "Чиғатой" марказида олиб борилди", дейди Асқар Толибжонов.

"Бу ёшдаги қизлар ўртасидаги қитъа чемпионати Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу мусобақа тайёргарлик кўриш мақсадида терма жамоа бош мураббийи Гулнора Аъзамовага 2013 йилги иш режасини тузиш бўйича кўрсатма берилди. Ушбу режа асосида терма жамоамиз Қарши ва Тошкент шаҳарларида бир нечта ўқув-машғулотларни ўтказиш, бир нечта кучли терма жамоалар иштирокида ўтадиган халқаро турнирларда иштирок этиш кўзда тутилади. Шунингдек, хорижий ўқув-машғулот йиғинлари ҳам ташкил этилади. Асосан Россия, Украина ва Осиёнинг етакчи жамоалари билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишни мақсад қилганмиз. Шунингдек, йил давомида таркибни янада шакллантириш ва кучайтириш мақсадида селекция ишлари олиб борилади. Юртимиздаги иқтидорли футболчиларни топиб, терма жамоага таклиф этилади. Қизларимиз келаси йилги Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиши учун ЎФФ барча шароитни яратиб беради", дейди Терма жамоалар маркази раҳбари.

Ўзбекистон аёллар футболи тарихида 16 ёшли қизларимиз Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Бунда терма жамоа мураббийлар штабининг ҳиссаси катта.

"Спорт журналистларимиз аёллар футболи ҳақида ҳам кўпроқ ёзишларини истардик", дея гап бошлади Ўзбекистон U16 бош мураббийи Гулнора Аъзамова. "Ушбу мусобақа қизларимиз учун ҳам, мураббийлар штаби учун ҳам илк халқаро мусобақа бўлди. Ўйинлардан аввал қизларни тинчлантиришга ҳаракат қилдик. Улар бу ўйинга халқаро ўйин сифатида қарамасликларини, Ўзбекистон чемпионати ўйнагандек ҳаракат қилишларини тушунтирдик. Бу нарса самара берди, шекилли, биз дастлабки ўйинда Шри-Ланкани 6:0 ҳисобида мағлуб этдик. Иккинчи рақибимиз Эроннинг ўйинини ўрганиб чиқиб, унинг кучли ва кучсиз томонларига аҳамият бергандик. Эроннинг дарвозабони кучсиз эканини билган ҳолда, имкон бўлиши билан дарвозага зарба бериш ҳақида футболчиларга кўрсатма бердик. Натижада форсларни ҳам 3:0 ҳисобида мағлуб этдик ва муддатидан аввал олдимизга қўйилган вазифани уддаладик. Шунинг учун Ҳиндистонга қарши ўйинда захира таркибини туширишга қарор қилдик. Биринчи бўлимда Ҳиндистон гол урганидан кейин жамоамиз бироз саросимага тушиб қолди. Иккинчи бўлимда эса улар ўзига келиб, ўйин сўнгида жавоб тўпини киритдик".

Ушбу терма жамоанинг асосини Қаршининг "Лочин" клуби футболчилари ташкил қилади. Улар 2012 йилги мавсум давомида Олий лига ўйинларида иштирок этишди.

"Ўзбекистон аёллар футболи ассоциацияси раҳбарияти ушбу жамоанинг асосини ташкил қилувчи "Лочин" клубига Олий лигада иштирок этишга рухсат берди. Бунинг учун ассоциация раҳбариятидан миннатдорман. Бу жамоада қизлар ўзидан катта футболчиларга қарши тўп суриб, йил давомида тобланишди ва жамоа сифатида шаклланишди. Шунинг учун Шри-Ланкадаги саралаш турнирида қизлар ўз тенгдошлари билан ўйинларда ўзларини эркин ҳис қилишди. "Лочин" бош мураббийи Баҳром Норсафаров эса менга мусобақа давомида ёрдамчилик қилди", дейди U16 бош мураббийи.

Аслида Осиё чемпионатининг "В" саралаш гуруҳи ўйинлари ноябрь ойи бошида ўтказилиши керак эди. Аммо Шри-Ланкадаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ўйинлар ноябрь ойида бўлиб ўтди. Гулнора Аъзамованинг фикрича, бу ҳолат терма жамоага фойдали бўлган.

"Саралаш ўйинлари муддатининг кўчирилиши бизга деярли таъсир кўрсатмади, ҳаттоки бизнинг фойдамизга ишлади десак ҳам бўлади. Боиси, икки нафар футболчимизда жароҳат бор эди ва улар тикланишга улгуришди".

Ушбу жамоа ҳақида ўзбек футбол мухлислари деярли тасаввурга эга эмаслар. Боиси ҳали ҳеч бир мухлис 16 ёшли қизларимизнинг ўйинларини кўришга муваффақ бўлмаган.

"Терма жамоанинг ҳужум чизиғини кучайтиришимиз керак. Бизда бир нафар яхши ҳужумчи бор. Нилуфар Қудратова саралаш ўйинлари давомида яхши ўйнади. Аммо унга яхши шерик етишмади. Унинг бир ўзи имкон қадар гол уришга ҳаракат қилди. Чап қанот ҳимоясига футболчи зарур. Миллий чемпионат ўйинларини кузатиб борамиз ва бу чизиқларга мос келадиган ўйинчиларни топишга ҳаракат қиламиз. Жамоамиз асосан 4-4-2 тактик схемаси асосида ўйнайди. Шри-Ланка билан ўйиннинг дастлабки 5 дақиқаси давомида рақибни ўрганиб, кейин ҳужумкор ўйин кўрсатдик. Эрон билан ўйиннинг биринчи бўлимида ҳимоявий ўйин қилиб, иккинчи бўлимда ҳужумкорликн оширдик. Танлаган ўйин услубимиз ўзини оқлади", дея жамоага таъриф берди Г.Аъзамова.

Ўзбекистонда аёллар футболига эътибор қаратилаётган бўлса-да, ҳали кадрлар етишмовчилиги бор албатта. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида эса аёллар футболи бўлими йўқ.

"Ҳа, ҳақиқатан ҳам кадрлар борасида муаммолар бор. Биласизми, Ўзбекистон футбол федерацияси бу борада таклиф билан чиқиб, Жисмоний тарбия институтида аёллар футболи бўйича кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратиши мумкин. Бу борада Федерация маълум ишларни қилишга улгурган. Масалан, ҳозирги кунда Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси аъзоларининг бир нечтаси ҳозирги кунда турли олий ўқув юртларига имтиёзи равишда ўқишга киришган", дейди Асқар Толибжонов.

Сўнгги пайтларда яхши натижаларга эришган терма жамоалар Федерация томонидан рағбатлантириб келинмоқда. Аёллар футболида илк марта Осиё чемпионатига чиқиш вазифасини уддалаган 16 ёшли қизларимиз ҳам моддий рағбатлантириладими, деган саволга ЎФФ Терма жамоалар маркази раҳбари қуйидагича жавоб  берди:

"Терма жамоа Осиё чемпионатига чиқиш вазифасини уддалади. Лекин тан олиб айтиш керак, бу терма жамоа аъзоларини моддий томондан рағбатлантириш масаласи кун тартибига қўйилмаган. Лекин бу терма жамоага ҳам бошқа терма жамоалардан кам бўлмаган шароитларни яратамиз. Юқорида айтиб ўтганимдек, уларнинг хорижда йиғинлар ўтказиши, ўртоқлик ўйинлари ўтказиши, инвентарлар ва эпикировка билан таъминлаш ишлари юқори даражада бўлади. Шри-Ланкадаги саралаш мусобақаси давомида ОФК бу жамоага етарли шароит яратиб бериши учун Федерация икки марта пул ўтказиб берди: 20 ва 25 млн. сўм миқдорида".

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 12:42, 04.12.2012.
Ўқилди: 6690 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.