Хитойдаги Осиё Ўйинларида футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси нимчорак финал босқичи учрашувини ўтказди. Темур Кападзе жамоаси Индонезия устидан қийинчилик билан ғалаба қозонди.
Индонезияликлар биринчи бўлимда жиддий қаршилик кўрсатган бўлишса, улар иккинчи бўлимда тўлалигича ҳимояга "ётишди". Шунга қарамай, жамоамиз иккинчи бўлимда гол уриш учун бир нечта имкониятларга эга бўлди. Аммо ё зарбага бироз аниқлик етишмади, ёки зарбалар йўлига ҳимоячилар ғов бўлишди.
Асосий вақтда ҳисоб очилмагач, ҳакам жамоаларни қўшимча бўлимларга таклиф этди. Айнан қўшимча бўлим бошида захирадан майдонга туширилган Шерзод Эсанов жамоамизни кейинги босқичга олиб чиқди. Экстра-таймлар бошида қанотдан еказилган узатмани "Металлург" футболчиси дарвозага жойлаб қўйди. Қўшимча бўлимларнинг иккинчиси якунланаётган пайтда эса Эсановнинг ўзи иккинчи тўп рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Мазкур икки голимиз орасида Индонезия "стандарт"дан ҳисобни тенглаштирганди, аммо гол урган ўйинчи офсайдда деб топилди ва гол бекор қилинди. Бундан ташқари, индонезиялик футболчи Самир Хуго иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этгани ҳам бизга ёрдам берди.
Шу тариқа, кўп куч сарфланган баҳсда Ўзбекистон U23 терма жамоаси чорак финалга чиқди. Жамоамиз бу босқичда Саудия Арабистони - Ҳиндистон жуфтлиги ғолибига қарши майдонга тушади. Бу баҳс 1 октябрь куни бўлиб ўтади.
Ханчжоу-2022. Футбол. 1/8 финал
ЎЗБЕКИСТОН - ИНДОНЕЗИЯ - 2:0 (0:0, 0:0, 1:0, 1:0)
Голлар: Шерзод Эсанов (92, 120+1)
Четлатиш: Самир Хуго (112)