«Манчестер Сити»нинг рақиблар дарвозабонларига шафқат билмас норвегиялик ҳужумчиси Эрлинг Холанд 2 сентябрь куни АПЛ 4-туридан ўрин олган «Фулхэм»га қарши ўйин (5:1)да навбатдаги «хет-трик»ни расмийлаштирди.
Энди «йиртқич» ҳисобида АПЛда қайд этилган 5та «хет-трик» бор. Аммо у бу борада чемпионат рекордидан ҳали анча узоқда. Зеро, аргентиналик Серхио Агуэро АПЛ баҳсларида нақ 12 марта «хет-трик»ка эришган. Демак, Эрлинг чемпионат тарихидаги мутлақ етакчига тенглашиш учун яна 7та ўйинда 3тадан гол уриши керак.
1-ўрин. Рўйхат етакчиси — Серхио Агуэро. Аргентиналик собиқ ҳужумчи «Манчестер Сити»даги фаолияти давомида АПЛ ўйинларида нақ 12та «хет-трик» тўплаган.
2-ўрин. Яна бир собиқ футболчи Алан Ширер Англия чемпионатидан ўрин олган ўйинларда 11 марта «хет-трик» қайд этган. Бу иккинчи юқори натижа.
3-ўрин. АПЛда «хет-трик»лар сони бўйича топ-3нинг охирги вакили - Робби Фаулер. «Ливерпул»нинг собиқ ҳужумчиси 9 марта ўйинни 3тадан гол билан якунлаган.
4-6-ўринлар. Агар Гарри Кейн АПЛда лоақал яна бир мавсум ўйнаганида, катта эҳтимолки, «хет-трик»чилар хит-парадида кучли 3таликка бош суқарди. Факт шуки, у ҳозир 8 мартадан «хет-трик»ка эришган Майкл Оуэн ва Тьерри Анри билан бир қаторда - 4-6-ўринлар.
7-ўрин. Уэйн Руни Англия чемпионатида 7 марта «хет-трик» расмийлаштирган ва бу 7-натижадир. Ҳозирча, албатта. Ахир ёвқур Холанд тобора яқинлашмоқда.
8-ўрин. АПЛдаги фаолиятини 6та «хет-трик» билан ёпган Луис Суареснинг позицияси янада омонат. Ҳозирда уни амалдаги икки футболчи таъқиб қилмоқда - Холанд ва Раҳим Стерлинг.
9-15-ўринлар. Ҳа, нақ 7 нафар футболчи ҳисобида 5тадан «хет-трик» бор. Эрлинг Холанд ва Раҳим Стерлингда ушбу рейтинг бўйича юқорилаш имконияти бўлса, Рууд ван Нистелрой, Энди Коул, Иан Райт, Робин ван Перси ҳамда Димитар Бербатов энди пастга тушишса тушишадики, тепага кўтарилишмайди асло.
Д.АЛИМОВ тайёрлади