"Наполи" бош мураббийи Руди Гарсия А Сериянинг 8-турида "Фиорентина"дан учралган мағлубият (1:3) ҳақида фикр билдирди.
“Биз умидсизликни ҳис қиламиз, бу нохуш натижа. Муаммо шундаки, ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам хатога йўл қўйдик. Биз биринчи голдан қочишимиз керак эди, бу аниқ. Танаффусга Осимхен томонидан киритилган пенальтидан гол эвазига ҳисоб тенглашган ҳолда чиқдик ва бу бизга куч бериши керак эди. Учинчи гол ҳаммамиз олдинга интилаётганимиз, ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилганимиз учун содир бўлди, лекин энг ёмони ҳимояда етарлича тажовузкор бўлмаганимиз эди. Ўз уйингда мағлуб бўлсанг ва бутун вақт давомида атиги тўртта зарба тепадиган бўлсанг, бу нормал ҳолат эмас", - дея Гарсиянинг сўзларини келтиради Football Italia.
Мураббий “Наполи”нинг жорий мавсумдаги муаммоларини ҳам тушунтириб берди.
"Наполи"нинг тактикадаги муаммолари менталитетга боғлиқ эмас деб ўйлайман. Биз рақиб ҳужумларини хавфли бўлишидан олдин тўхтатиш учун яхшироқ иш қилишимиз керак. Биз бу борада кўпроқ ишлашимиз, тажовузкор ўйнашимиз, рақиб ҳужумлари бошида қўполроқ ҳаракат қилишимиз керак, улар бизнинг дарвозамизга етиб борганида эмас", - деди Гарсия.
8 турдан кейин “Наполи” А Серия турнир жадвалида 14 очко билан пешқадам “Милан”дан 7 очко ортда қолган ҳолда 5-ўринда бормоқда. Жамоа навбатдаги ўйинни 22 октябрь куни меҳмонда "Верона"га қарши ўтказади.