Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати 3-туридан ўрин олган пойтахтнинг «Бунёдкор» ва «Ардус» жамоалари ўртасидаги ўйин ҳақиқий жанг, эҳтирос ва албатта драмани кўриш мумкин бўлган энг яхши Ҳолливуд сценарийларидаги каби кечди.
Чемпионатнинг учинчи жамоаси мамлакатнинг амалдаги чемпионига муносиб қаршилик кўрсатиб, ўйин давомида бир неча бор ҳисобда олдинда борди, бироқ, нафақат ғалабали, балки дурангли ҳисобни ҳам сақлаб қолишнинг уддасидан чиқа олмади.
Биринчи тайм ўрталарида «Бунёдкор» икки бора «Ардус» дарвозасини ишғол қилиб, якундаги ижобий натижа учун олдиндан жиддий сўров ташлади. Шунга қарамай, мамлакатнинг энг совриндор жамоаси биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Бу «Ардус» ўйинчиларининг саъи-ҳаракатлари ва бирозгина омаднинг самараси ўлароқ амалга ошди. «Бунёдкор» дарвозасига урилган биринчи гол Жамолиддин Шарипов ҳисобига ёзилган бўлса, «Ардус»нинг иккинчи голи киритилишига «қалдирғочлар»нинг ўйновчи мураббийи Абдулла Бўриев ёрдам бериб юборди. Яқин ўтмишдаги Ўзбекистон терма жамоасининг машҳур ҳужумчиси биринчи бўлимнинг энг сўнгги сонияларида тўпга оёғини ўринсиз қўйиб, тўпни ўз дарвозасига тўғрилаб қўйди.
Иккинчи тайм бошланишига улгурмасдан, «Бунёдкор» яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. Аъзам Саидаҳматовнинг голи таймнинг ўта қизиқарли тарзда давом этишига имкон берди.
Ҳисобда олдинда бораётган «Бунёдкор» ҳимоя ўтиб, асосий эътиборни қарши ҳужумларга қаратишга қарор қилди. Иккинчи бўлимнинг аксарият қисми давомида бундай тактика Бўриев жамоасига ўз фойдасини берди, бироқ 32-дақиқада Жамолиддин Шариповнинг аниқ зарбаси таблодаги ҳисобни ўзгартирди – 3:3.
Қолган 8 дақиқа давомида ўйин жуда қизиқарли курашлар остида ўтди. Икки жамоа ҳам ўз ўйинини топиб олгани сабаб, жамоалар жуда юқори суръат остида тўп суришди. Бир у, бир бу жамоа дарвозаси олдида хавфли вазиятлар юзага келиб турганига қарамай, ҳисоб энг сўнгги дақиқагача ўзгармай турди. 3:3 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармай қоладигандек кўринган вазиятда ушбу мавсумнинг энг яхши тўпурари Дилшод Раҳматов жуда кучли зарба билан тўпни «Бунёдкор» дарвозасининг тўққизлигига михлаб қўйиб, «Ардус» ишқибозларининг олқишларига сазовор бўлди.
Раҳматовнинг голидан сўнг ўйин якунланишигача 20 дақиқа вақт қолганди ва ҳисобни тенглаштириш «Бунёдкор» учун жуда ҳам қийин эди – кейин маълум бўлишича, умуман имконсиз бўлган экан...
Ўзбекистон чемпионати-2012, 1-босқич, 3-тур
4-кун ўйинлари натижалари
20 декабрь, пайшанба
СТРОИТЕЛЬ-З – КОГОН 2:12 (2:8)
ГОЛЛАР: Зайниддин Комилов (3, 6) – Жўрабек Аҳмедов (8, 13, 37), Соли Умаров (9), Ойбек Абдураҳмонов (12), Соҳибжон Набиев (13, 18, 18), Сами Эгамбердиев (17, 31), Соҳиб Нарзуллаев (23), Илҳом Ҳамроев (34)
ТУРОН-С – ГУЛИСТОН 10:4 (6:1)
ГОЛЛАР: Рашиджон Жабборов (5, 27), Хайрулла Ҳожимирзаев (11, 37), Собит Зокиров (11), Нурали Исоқов (13, 14), Мавлон Ғаниев (20), Қаҳрамон Исабоев (35, 40) – Жаббор Кулиев (8), Нодир Сайфуллаев (26), Одил Тожибоев (34, 38)
МАКСАМ-ЧИРЧИҚ – НАФИС 5:2 (3:2)
ГОЛЛАР: Шавкат Деҳқонов (4), Николай Одушев (9), Хуршид Тожибоев (17, 23, 30) – Амир Азимов (7), Фаррух Эргашев (13)
ПАХТАКОР – ЛОКОМОТИВ 0:8 (0:5)
ГОЛЛАР: Даврон Чориев (2, 26), Артур Юнусов (12), Фурқат Азизов (13), Фахриддин Самегов (15), Константин Свиридов (16), Фарҳод Мираҳмедов (29), Ислом Камолжонов (31)
БУНЁДКОР – АРДУС 3:4 (2:2)
ГОЛЛАР: Жасур Содиқов (5), Бахтиёр Умаров (11), Абдулла Бўриев (20 автогол), Аъзам Саидаҳматов (21) – Жамолиддин Шарипов (15, 32), Дилшод Раҳматов (40)
Эслатиб ўтамиз, 3-турнинг якунловчи кунида бизни янада қизиқарли ўйинлар кутиб турибди:
10:00 Нафис – Строитель-З
12:00 Гулистон – Пахтакор
14:00 Когон – Турон-С
16:00 Бунёдкор – Максам-Чирчиқ
18:00 Ардус – Локомотив