Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, фигурали учиш бўйича спорт устаси Миша Ге Олипиада арафасида яхши натижаларни қайд этмоқда. Рейтинг очколари учун Финляндия, Австрия, Польша, Германия ва Болгарияда ўтказилган халқаро мусобақларда у анча ижобий кўрсаткичларни қўлга киритди.
Айниқса, Софияда ўтган «Денкова — Ставицкий» кубогида Миша олтин медал билан тақдирланди. Таъкидлаш жоизки, мусобақада иккинчи ўринни қўзлга киритган италиялик спортчи ҳамюртимиздан сал кам 40 балл орқада қолди. Польшада ўтказилган турнирда эса спортчимиз кумуш медални қўлга киритди. Германияда бўлиб ўтган турнирда Миша эркин дастурда иккинчи ўринни эгаллади ва максимум — 210 баллни ишлаб олди.
Мутахассисларнинг фикрича, М.Ге ҳозирда дунё фигурачилари орасида ўсиб бораётган ва келажаги порлоқ бўлган спортчи саналади. Гарчи халқаро майдондаги иштирокини анча кеч бошлаган бўлсада (2011 йилда), икки йил ичида кўпгина номдор рақибларидан ўтиб кетди. Ҳозир спортичимиз учун масъулиятли дамлар бошланмоқда. У иккита чемпионатга тайёрланиши керак. Тўрт қитъа чемпионати 2013 йил февраль ойида Японияда бўлиб ўтади ва у ерда Мишанинг Осиё, Америка, Африка ва Австралиялик кучли спортчиларга қарши баҳслашишига тўғри келади.
Энг асосий мусобақа эса Сочи-2014 Олимпиадасига йўлланам берадиган жаҳон чемпионати ҳисобаланади. Жаҳон чемпионати март ойи ўрталарида Канадада ўтказилади.