Осиё Чемпионлар лигаси, 3-туридан ўрин олган “Навбаҳор” - “Нассажи Мазандаран” (2:1) ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида эронликлар устози Меҳди Раҳмати қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Футболчиларимни бугунги ажойиб ўйин билан табриклайман. Биринчи бўлимда режаларимиз амалга ошди ва биринчи 45 дақиқаликни ғалаба билан якунладик. Иккинчи бўлимда хатоликлар юз бера бошлади. Ҳакамнинг ўйиндан ташқари ҳолатни аниқлашдаги кичик хатоси эвазига футболчимизга қизил карточка кўрсатилди. Шундай бўлсада, жамоамиз яхши ўйин кўрсатди, улардан миннатдорман. Мазкур беллашувдаги мағлубиятимиз кечиктирилган офсайд сабабли рўй берди.
Ушбу баҳсда мухлисларнинг ҳакамга қилган босими ҳисобига рефери кўп маротаба хатога йўл қўйди. Ҳакамнинг хатоси сабабли, қизил карточка олдик ва ўша четлатишдан сўнг, ўйин буткул ўзгариб кетди. Қизил карточка сабабли, мажбурий ўзгаришларни амалга оширдик. Жароҳати бор ўйинчиларимизни ҳам майдонга туширишга тўғри келди. Агар ҳакам қизил карточка бермаганида, иккинчи голни уриб, баҳсни ғалаба билан якунлар эдик.
Бугунги ўйиндаги натижа фаолиятимдаги энг оғири. Қизил карточкани ҳалигача ҳазм қила олмаяпман. Офсайд аниқланганидан сўнг, ҳакамлар VARни кўриб, футболчимизни майдондан четлатди. Лекин йигитлар охиригача курашишди, уларга раҳмат айтаман.
- Наманган ҳақидаги таассуротларингиз ва мухлислар яратган атмосфера ҳақида нима дея оласиз?
- Мухлислар “Навбаҳор”ни жуда яхши қўллаб-қувватлашди. Ушбу ғалаба ишқибозлар эффекти сабабли, рўй берди деб ўйлайман. Ҳакамлар мухлисларнинг босими туфайли хато қилишга мажбур бўлишди. Ўша хато бўлмаганида, ғалаба билан қайтган бўлардик. “Навбаҳор”нинг ютуғи тўлиғича мухлисларники. Эронлик мухлисларга ҳам раҳмат айтаман. Улар камчилик бўлишларига қарамасдан, бизни имкони борича қўллаб-қувватлаб туришди.