Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Самвел Бабаян: “Ҳар бир беллашувда ғалаба қозонишни истаймиз ва хато қилишга ҳаққимиз йўқ”

Баҳо:
+ | -

Суперлига 23-тури доирасидан ўрин олган “Сурхон” – “Навбаҳор” (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. “Лочинлар” устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

— Мухлисларни бугунги ғалаба билан табриклайман. Ўйин жуда ҳаяжонли тарзда кечди. Чемпионлар лигасидаги ўйин кўп кучимизни олиб қўйди. Шу сабабли, руҳий ва жисмоний жиҳатдан чарчадик. Йигитларга раҳмат айтаман, нима қилиб бўлса ҳам натижага эришдик. Дуранг қайд этилаётган паллада ҳам футболчилар олдинга боришди, ҳужум қилишди. Сўнгги дақиқадаги Ўткирнинг қаҳрамонлигини таърифлашга тил ожиз. Жамоамиз сардори ва Ўзбекистоннинг энг яхши дарвозабони қаҳрамонлик кўрсатди. Ҳозирги кунда осон ўйинимиз йўқ, чунки барча жамоалар “Навбаҳор”га қарши борини беришади. Ҳамма жамоамиздан очко тортиб олишни хоҳлайди.

— Остон Ўрунов сўнгги икки учрашувда ўз голлари билан “Навбаҳор”га ғалабани тақдим этмоқда. Аммо бугунги учрашувда  Остон захирадан майдонга тушди. Бунга сабаб, Остон 90 дақиқа ўйнай олмаслигиданми ёки захира ўриндиғида Остон каби ўйинни кучайтира оладиган футболчилар йўқлигиданми?
— Остон бизнинг “сеҳрли таёқчамиз” десак ҳам бўлади. Остон учрашувни асосий таркибда бошламаслигига битта сабаб бор, у жароҳатидан ҳали тўлиқ фориғ бўлгани йўқ. Агар соғлиғи талабга жавоб берса, Ўруновнинг  асосий таркибда ўйнаши аниқ.

— Жамоанинг ўйини Остон Ўруновга боғланиб қолгандек. Мавсум якунида жароҳатлар кўп. Тиғз тақвим ва бошқа сабаблар. Остонсиз ўтказиладиган беллашувларда жамоанинг режаси қандай? Остонсиз жамоани тасаввур қила оласизми?
— Менимча, биринчи бўлимда яхши ўйин намойиш этдик. Гол урдик, ҳисобда олдинда эдик. Жамоанинг ўйини бир футболчига боғланиб қолиши яхши эмас ва мен бу ҳақда гапириб ўтган эдим. Ўзбекистонда бир футболчига яққол боғланиб қолган клуб бор. Ўша футболчи майдонга тушмаса, у клубнинг ўйини ва натижаси тушиб кетади. Биз Искандеров, Ўруновларсиз ҳам муҳим учрашувларда ўйнаганмиз ҳамда бундан кейин ҳам ўйнай оламиз.

— “Навбаҳор”нинг ҳужуми Остоннинг индивидуал маҳоратига боғланиб қолган, дедик. Сўнгги дақиқаларда Юсупов пенальтини қайтармаганида, жамоа очко йўқотарди. Менинг фикримча, футболчиларнинг индивидуал ҳаракатларини ҳисобга олмасак, жамоанинг ўйини яхши даражада эмас. Бунга сизнинг фикрингиз қандай?
— Фикрингизга қўшилмайман. Жамоавий ўйин қуриш учун биринчи навбатда тактик услуб, фалсафа ва чизиқлар боғламлиги бўлиши керак. Бундай жиҳатлар жамоада бўлмаса, ўйин сифати ҳам бўлмайди. Фикрингизга мутлақ қўшилмайман. Биринчи бўлимда иккинчи голни урсак бўлар эди, аммо вазиятдан фойдалана олмадик. Агар ҳисобни 2:0га етказганимизда, баҳсни хотиржам якунлаган бўлар эдик. Биринчи гол ҳам бутун жамоанинг иштирокида урилди. Биз катта босим остида ўйнамоқдамиз, сабаби, ҳар бир беллашувда ғалаба қозонишни истаймиз ва хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Жамоавий ўйин тизими тўғри йўлга қўйилмаган жамоа, хеч қачон “Ал-Ҳилол” билан дуранг ўйнамайди.

— Бугун рақиб аутдан гол уриб кетди. “Навбаҳор” таркибида эса барча ҳимоячиларнинг бўйлари баланд ва бош билан яхши ўйнашади. Бугунги ўтказиб юборилган тўпда ҳимоячилар айбдорми?
— Ҳимоячиларимиз чарчашган. Улар “Нассажи”га қарши учрашувда 12 километр югуришган эди. Ҳимоячиларга бугун тетиклик етишмади. Аутдан ўтказилган гол бу хато ва биз бундай тўпларни ўтказиб юбормаслигимиз керак. Хатолар устида ишлашда давом этамиз.

— Кейинги мавсумда Осиё Чемпионлар лигаси янги форматда ўтказилади. Янги регламент бўйича фақатгина Ўзбекистон чемпиони Чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга киритади. Мавсум сўнггида барча муаммолар, жароҳатларни ҳисобга олган ҳолда, “Навбаҳор”нинг Осиё Чемпионлар лигасининг “элита” дивизионига йўлланмани қўлга киритиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
— Қисқа жавоб бераман. Биз ҳар бир ўйинни энг муҳими, деб ҳисоблаймиз. Кейинги учрашувимиз “Насаф”га қарши ва бўлажак рақибимиз ҳам кучли жамоа ва бизни қийин учрашув кутиб турибди. Бизда икки вариант бор эди, барча турнирларда иштирок этиш ёки бир нечта мусобақаларни телевизор орқали томоша қилиш. Биз барча мусобақада иштирок этишни танладик.

— Учрашув якунланганидан сўнг, кийиниш хонасига кетаётганингизда, “Сурхон” футболчиси билан жанжаллашдингиз. Ўша вазиятда нима рўй берди?
— Ўша ўйинчи ўз айбини билади. Умид қиламанки, у ўзининг хатосини тушуниб етади ва мендан узр сўрайди.

— Айнан “Сурхон” жамоасига қарши қандай тайёргарлик кўрдинглар?
— Биз жорий мавсумда термизликларга қарши учта учрашув ўтказдик. “Сурхон” бизни анча қийнаб қўйди. Фақатгина Ўзбекистон кубоги ўйинида уларни иккита тўп фарқи билан мағлуб этдик. Ҳозир “Сурхон”да ишлаётган Токов ва Арслоновларни яхши танийман ҳамда уларнинг ривожланишига ўз ҳиссамни қўшганман. “Сурхон” катта юлдузларга эга бўлмаса ҳам, жуда яхши жамоа.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: www.pfcnavbahor.uz
Киритилди: 23:27, 27.10.2023.
Ўқилди: 1671 марта.
Фикрлар: 37 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.