Евро-2024 саралаши 8-туридан ўрин олган Греция - Нидерлания ўйинига эътибор жуда кучли эди.
Агар юнонлар ўз майдонларида ғалаба қозонишганида келаси йили Германияда бўладиган қитъа чемпионати томон катта қадам ташлардилар. Ўз навбатида, мағлубият эмас, ҳаттоки, дуранг ҳам Роналд Куман шогирдларини Евро-2024 томошабинига айлантирарди катта эҳтимол.
Греция - Нидерлания ўйини давомида юнонлар ўз жамоалари ижобий натижага эришишига ҳисса қўшиш учун имкони борича ҳаракат қилишди, аммо ҳаммаси зое кетди. Меҳмонлар Виржиль ван Дейкнинг 90+3-дақиқада пенальтидан урган ягона голи эвазига ортга ғалаба билан қайтишди. Шу тариқа «В» гуруҳидаги ҳолат мавҳумлигича қолди: охирги тур олдидан Нидерландия ва Греция термалари очколари сони тенглашди (12тадан).
Ўйиндаги битта ҳолат кўпчилик эътиборидан четда қолмади, албатта. Виржиль ван Дейк пенальти тепишга чоғланган паллада грециялик мухлислар унга лазер нурини тўғрилаш ва кучли ҳуштакбозлик воситасида халақит беришга уринишди. Лекин «Ливерпуль» ҳимоячиси бундан эсанкираб қолмади ва пенальтини совуққонлик билан голга айлантирди. Хуллас, юнонларнинг барча уринишлари бесамар кетди. Табиийки, энди ижтимоий тармоқларда Виржиль ван Дейкни роса мақташмоқда:
- Грециялик фанатлар ван Дейкни лазер нурлари билан қўрқитмоқчи бўлишди, лекин бу ҳийлалари иш бермади.
- Виржиль Ван Дейк. 93-дақиқа. Хотиржам ва эътиборли. Лазерлар бу хотиржамликни бузишга етарли эмас.
- Ван Дейк қойилмақом зарба билан грециялик мухлислар қалбини парчалади. Бу - лазер нури ёрдамида уни чалғитишни ўйлаганларга қаратилган зарба!
- Ван Дейк - ўйин қаҳрамони. 93-дақиқа, сафар ўйини, кўзига тўғриланган лазер нурлари, ҳақорат ва шовқин. Муҳими, футболчида гол уришига заррача шубҳа йўқ эди.