Эрон футбол федерацияси 2019 йилги Осиё кубоги мезбонлигини ўзида қабул қилиш ниятида. Бунинг учун эса ОФКнинг талабига кўра, стадионларга аёлларнинг кириши учун ҳам рухсат этилиши лозим. Ҳозирги кунда Эронда стадионларга аёлларнинг ташриф буюриши таъқиқланганидан хабарингиз бор.
Эрон футбол федерацияси президенти Али Каффашиённинг айтишича, аёллар ҳам стадионга киришлари учун барча чора-тадбирларни кўради. Унинг фикрича, сўнгги йилларда Эрон спорт инфратузилмаси мустаҳкамланган.
Ушбу мавзу бир неча йилдан бери мамлакатда муҳокама қилинаётган бўлса-да, ҳали аёллар учун рухсат теккани йўқ. Лекин 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати па йтида хорижий аёлларнинг стадионга киришлари учун рухсат берилди.
"Эрон сўнгги йилларда бир нечта футбол мусобақаларига мезбонлик қилди. Биз хориждан ташриф буюрган аёлларнинг стадионга киришлари учун рухсат бердик. Энди эса эронлик аёлларнинг ҳам стадионга келишлари учун барча шароитларни яратишга тайёрмиз. Осиё кубогини ўтказиш учун ОФК принципларига амал қилишимиз лозим", дейди Али Каффашиён.
Эрон 2011 йилги Осиё кубоги мезбонлиги учун ҳам Қатар, Ҳиндистон ва Австралия билан бирга ўз номзодини қўйганди. Ўшанда Эрон мусобақани ўтказиш учун етарли инфратузилмага эга бўлмагани учун ОФК мезбонликни Қатарга берганди.
Осиё кубоги-2019ни ўзида қабул қилиш учун Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлатлари ҳам ариза топшириш ниятида эканлиги ҳақида маълумотлар бор.