Нафас олишимизга қўймаган 12 турнинг сўнгги баҳси 4-4 ҳисобида якун топди. Унда "Челси" ўз майдонида "Манчестер Сити"ни қабул қилганди. Халқаро танаффус олдидан мухлислар фантастик баҳс ва драма гувоҳига айланди. Саккизта гол урилган ўйинда ҳамма нарсани кўрдик. Ҳаммаси якунлангач, статистикалар асосида "Челси"нинг энг яхши ва ёмон ўйинчиларига назар ташламоқчимиз. Қуйида шу ҳақида сўз боради.
Энг яхшилар
Коул Палмер – 8/10
Яна ким ҳам бўларди? Ёз охирлаётган бир пайтда "Манчестер Сити" таркибини тарк этган Палмер, кеча собиқ жамоасини мағлуб этиш учун шайланди. Гвардиола тузган таркибда жой қолмагач, Палмер "Челси"га сотиб юборилганди. Ҳужумчининг ўзи тарбияланган клубга қарши кўрсатган ўйини ажойиб эди. 94 дақиқадаги пенальти билан "Челси"га бир очко олиб беришдан ташқари, 21 ёшли футболчи учрашув давомида дадил ҳаракатлари билан ажралиб турди. Палмер катта тезлик билан кўп марта "шаҳарликлар" ҳимоясида тартибсизликларга сабаб бўлди. Кеча Гвардиола ҳаёлидан бир он, Палмерни бекор сотгани ҳақидаги ўй ўтган бўлса, ажаб эмас.
Рахим Стерлинг – 8/10
"Манчестер Сити"нинг собиқ юлдузлари ўзларига қарши чиқишни яхши кўришади. Стерлинг ҳам худди Палмер сингари ўнг қанотни "ёндириб" берди. 28 ёшли вингер Уокерни бир неча бор алдаб, хавфли вазиятлар яратишда қатнашди. Қаҳрамонимиз ушбу меҳнатлари сабабли мукофотланди десак, муболаға бўлмайди. У жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилган эди. 10 баллик системада саккиз балл олиш, Стерлинг учун муносиб баҳо дея оламиз.
Энг ёмонлар
Аксель Дисаси – 4/10
Дисаси кеча АПЛда Холанд томонидан "ухлатиб" қўйилаётган ҳимоячилардан бирига айланди. Аммо у ўзидан хафа бўлмаса ҳам бўлади. Негаки, Дисаси биринчиси эмас, катта эҳтимол билан охиргиси ҳам бўлмайди. 25 ёшли футболчи Холандни кўп эпизодларда қўриқлашга қийналди дейиш мумкин. Ҳам жисмоний, ҳам техник жиҳатдан кеча Холанд бутун бошли "Челси" мудофаасидан устун эди. Шу сабабдан Дисасига паст баҳо берилди (4).
Марк Кукурелья – 4/10
Қанот ҳимоячисининг энг катта қилган хатоларидан бири бу Холандга нисбатан ишлатган қўполлиги эди. Кукурелья сабабли "Челси" жуда эрта гол ўтказди. Оқибатда, лондонликлар ҳисобда ортда қола бошлади. Бундан ташқари ўйин давомида испаниялик футболчи Фил Фоденни қўриқлаб туриш борасида муаммоларга дуч келди. Кукурельянинг кечаги ҳаракатлари умумий олганда, худди Дисаси каби 4 баллга баҳоланди.
ИСМАТОВ Ж.