Бугун ФИФА 2012 йилнинг энг яхши футболчисини, яъни "Олтин тўп" соҳибини эълон қилади. Уни қўлга киритиш учун қайси футболчилар даъвогарлик қилаётганини яхши биласиз. Ушбу соврин кимга насиб қилишини билмадигу, аммо Қаҳрамон Асланов томонидан 1 йил аввал ёзилган мақола эътиборимизни тортди. Сиз ҳам бир ўқиб кўринг-а.
Матиас Заммер 1967 йилда, роса вақтида туғилган. У 1996 йилда терма жамоаси билан биргаликда Европа чемпиони бўлган. “Ҳужумкор ҳимоячи” амплуасини “яратиб”, футбол оламида ўзига хос тўнтаришни амалга ошира олганлиги билан машҳур. Унинг ўйин услуби, майдондаги тактик ҳаракатлари бир нечта мутахассисларнинг таҳлилий изланишларига асос бўлган. Хуллас, ажойиб футболчи, лекин гап бунда эмас.
Заммер ўша 1996 йилда “Франс футбол” томонидан таъсис этилган “Олтин тўп”соҳибига айланган, яъни Европанинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилганди. Қизиғи, айнан ўша мавсумда ФИФА томонидан аниқланадиган бошқа соврин – “Дунёнинг энг яхши ўйинчиси” мақомига у эмас, бразилиялик Роналдо лойиқ кўрилган. Бу ҳам майли, Заммер ўшанда учликка ҳам кира олмаганди. Ҳа майли, Европанинг энг яхшиси дунёда учликка кира олмаса нима бўлибди? Лотин Америкаси бор буёғда, дейишингиз мумкин, аммо ҳар икки соврин учун курашда Заммернинг рақобатчилари деярли ўшалар бўлганини айтсамчи? Мисол учун, дунёнинг яхшилари ичида учинчи ўринни олган Алан Ширер ҳам европалик-ку, тўғрими?
Бу ерда энг асосий жиҳат, бу совринлар эгасини аниқлайдиган сўровномада иштирок этадиган овоз берувчиларнинг футболга нисбатан қараши тубдан фарқ қилишини кўрсатади. Тўғри, биз ҳаммамиз бир хил ўйинларни, ўша футболни кўрамиз. Заммер каби мисоллар ҳар доим ҳам бўлавермайди, лекин ҳар қандай соврин ёки сўровнинг мантиғи имкон қадар ўзгармас ва тушунарли бўлиши керак деб ўйлайман. Мақола шу ҳақида.
Демак, “Франс футбол” 1956 йилдан бери таъсис этиб келган “Олтин тўп” соврини мавжуд. Турли кўзга кўринган нашрларда фаолият кўрсатадиган журналистлар Европанинг мавсумдаги энг яхши ўйинчисини аниқлайдилар. Яна ФИФАнинг ўзи 1991 йилдан бери “Йилнинг энг яхши ўйинчиси” совринини таъсис этганди. Бу сўровда Европанинг эмас, жаҳоннинг энг яхшилари аниқланади. Сўровда журналистлар эмас, барча терма жамоаларнинг бош мураббийлари ва сардорлари қатнашади.
Лекин кейинги соврин, аслида, статус жиҳатидан, мантиқан олиб қарагандада нуфузлироқ бўлиши керак бўлса-да, ундай бўлмади. Барибир “Франс футбол” таъсис этган мукофотнинг обрўи кучлироқ бўлиб қолаверди. Бунга учта асосий сабаб бор.
Биринчиси. “Олтин тўп” соврини узунроқ тарихга эга. Бу муҳим фактор. Ўз вақтида футбол оламининг афсоналари – Круифф, Платини, Чарлтон, Стефано каби футболчилар бу совринни бошлари узра кўтаришган. Демак, ҳар қандай футболчи учун, билвосита бўлса ҳам ўша афсоналар билан бир рўйхатдан жой олиш, қайсидир маънода беллашиш, мусобақалашиш имконига эга бўлади.
Иккинчиси. “Олтин тўп” таъсисчилари 1995 йилда сўров тизимига катта ўзгартириш киритдилар. Бу қарор совриннинг янада оммалашишига олиб келди. Гап шундаки, илгари бу эътирофга фақат европалик футболчиларгина сазовор бўлишлари мумкин эди, холос. 1995 йилда африкалик Жорж Веа “Олтин тўп”ни олди. Энди, қайси мамлакат вакили бўлишидан қатъий назар, Европа клубида ўйнайдиган футболчи бу соврин учун номзод сифатида қарала бошлади. Агар "Сантос”лар вақти ўтиб, дунёнинг ҳамма юлдузлари Европада ўйнашини назарда тутадиган бўлсак, бу сўровнома ФИФАникидан деярли фарқ қилмай қолди.
Чунки энди фақат УЕФА эгидаси остида ўтадиган турнирлар ҳал қилувчи ролни ўйнамасди. Футболчи ўзини қайси турнирда кўрсатишидан қатъий назар, агар Европа клуби аъзоси ҳисобланса, кифоя қиларди. Масалан, 2002 йилги Еврофутбол мавсумида Роналдо жароҳати туфайли деярли майдонга тушмаган. Лекин жаҳон чемпионатида соғайиб, терма жамоаси билан чемпион бўлган, саккизта гол уриб мундиал тўпурарига айланган. Роналдонинг ЖЧ пайтида “Интер”нинг, сўров пайтида “Реал”нинг аъзоси бўлганлиги кифоя қилган ва “Олтин тўп” унга топширилганди. Атиги етти ўйин туфайли. Демак, тамойил жиҳатидан, 1995 йилдан бошлаб “Олтин тўп” соҳиби деярли дунёнинг энг яхши футболчиси мақоми билан тенг қабул қилина бошланди.
Учинчи сабаб. ФИФА сўровида қатнашадиган мураббий ёки футболчилариннг асосий ишлари бошқа. Яъни, улар журналистлар каби, футбол тарғиботи билан бевосита шуғулланмайдилар. Демак, сўров пайтида турли нохолис овозлар кўпайди. Мураббийлар ўз шогирдларини юқори ўринга қўя бошладилар. Шунчаликка бордики, ҳатто, айтайлик, Мозамбик терма жамоаси бош мураббийи дунёнинг энг яхши футболчиси сифатида ҳеч ким танимайдиган футболчини, ўз шогирдини қўярди. Ана ундан кейин иккинчи, учинчи ўринларда Фигу ёки Зидан жой оларди. Кейинчалик, бунга барҳам берилди, мураббийларга ўз мамлакати футболчисига овоз бериш таъқиқланди. Лекин барибир, сўровномага бўлган муносабат ҳаммада ҳар хил эмаслиги туфайли нуфузга путур етди.
Ўтган йилдан бошлаб, ФИФА сўровномаси ва “Олтин тўп” соврини бирлаштирилди. Айнан мана шу бирлашув “Олтин тўп” нуфузига салбий таъсир кўрсатмоқда ва турли гап сўзларга, мунозараларга сабаб бўлмоқда. Нега?
Энг кўп мунозара ўтган йили кузатилди. Биламиз, ўтган йили жаҳон чемпионати ўтказилган. Ўрганиб қолганмизки, жаҳон ва Европа чемпинати ўтказилган йиллари, кўпинча, ўша турнир қаҳрамонлари йил охирида “Олтин тўп” учун асосий даъвогарга айланиб келадилар. Сўровга бораётган журналист номзод танлашда фарқли ёндошса-да, умумий натижада шундай бўлиб чиқарди доим. Ва буни тўғри деб ҳисоблайман.
Чунки, “Олтин тўп”ни сўровномасига қўйилаётган саволнинг асоси “Жорий йилда ким яхши ўйнади?” бўлиши керак. “Умуман ким яхши ўйинчи?” эмас. Журналистлар футболни мутахассис даражасида тушунмайдилар. Уларнинг энг асосий вазифалари – футболни кашф этиш, футболни ривожлантириш эмас, балки ФУТБОЛНИ ҚАЙД ЭТИШдир. Шу пайтгача, “Олтин тўп” мана шу қайд этиш билан шуғулланиб келарди.
Мана, рўйхатни очинг, 1990 йилда Маттеус – Германия ўша йили жаҳон чемпиони бўлган. 1984, Платини – Франция Европа чемпиони эди. 1988 йилда Марко ван Бастен, 2006 йилда Фабио Каннаваро... Хуллас, ғолиблар рўйхатида тушунарли ва қандайдир мантиқ бор. Шундай бўлиши энг тўғри йўл эканининг сабаби – мисол учун бир йили фалон футболчи энг зўр бўлса, кейинги йили дарров бошқаси ундан зўр бўлиб қоладими? Буни қандай ўлчаймиз? Кимнинг зарбаси кучли ёки ким зўр дриблинг қилади, ё ким кўп гол уради – булар ўлчов эмаску, тўғрими? Ҳимоячилар бор, дарвозабонлар бор, уларни ҳужумчилар билан қандай солиштирамиз? Функциялар бутунлай бошқа! Демак, журналистлар бу борада тўғри йўлдан боришади ва жамоаларнинг муваффақиятидан келиб чиқиб, танловни осонлаштириб олишади. 2006 йилда Каннаваро Зидан ёки Роналдиньодан жуда кўп жабҳада орқада қолиши аниқ эди, лекин сўров натижасида мантиқ бор эди. Италия – чемпион.
Хўш, 2010 йилда нима бўлди? Европа чемпионлар лигасида “Интер” ғолиб чиқди. Жамоа сардори ва етакчиси Уэсли Снайдер. Ўша Снайдер терма жамоаси билан жаҳон чемпионати финалигача борди. Яна Форлан деган футболчи ўртамиёна Уругвайни елкасида кўтариб, ярим финалгача судради. Муҳим голларни урди. Ўша Форлан Европа Лигасини ҳам ютганди, айтганча. Хўп, Испания жаҳон чемпиони бўлди. Тиқилиб ётибди номзодлар. Агар “Росси мантиғи” билан ўлчасак, Вилья жуда кўп ҳал қилувчи голларга муаллиф эди. “Маттеус мантиғи” бўйича Хавига тенг келадигани йўқ. Мабодо, “Тойота мантиғи”ни ишга солсак, финалдаги гол муаллифи Иньеста тенгсиз. Сўровнома натижалари чиққанда, мухлислар ҳеч қайси мантиқни топа олмадилар ва Мессининг иккинчи “Олтин тўп”и мунозараларга сабаб бўлди. Йўқ, Мессининг истеъдодига шубҳа йўқ, юқоридаги саналганлардан кўра кучлироқ футболчи эканини мен ҳам, уларнинг ўзи ҳам тан оламиз. Лекин бу ерда асосий зиддият ўша илгариги “Олтин тўплар”да кузатилган мантиқнинг ўртадан кўтарилгани бўлди. Бу совринда мантиқ қолмаслиги эса, унинг нуфузига соя солиши шубҳасиз. Сабабни эса юқорида айтдим. Ўтган йилдан бошлаб, “Олтин тўп” ФИФА сўровномаси билан бирлаштириб юборилганди ва энди сўровномада мураббий ва футболчиларнинг ҳам овози эътиборга олинмоқда.
Мураббийлар эса футболга нисбатан муносабат борасида журналистлардан тубдан фақр қиладилар. Улар футболни чуқур тушунадилар, бошқача кўрадилар. Журналистлар барибир ўйиннинг протоколига боғланиб фикр юритадилар. Журналистлар баъзида умумий тарзда мувозанатни ҳам сақлаб кетишади. Уч сафар Хави Мессидан бироз ортда қолдими, демак, Месси яна олар, Хавиягаям бўлсин, дейиш ҳам айнан журналистик мантиқ. Ёки ўтган йили Месси эмас, Хави олиши керак эди, энди бу йили тескари бўлсин, деб кетаверадиганларам журналистлар.
Мураббийлар учун эса, футболчиларнинг майдонда ўз функциясини қанчалик даражада уддалаши муҳимроқ. Бир ўйинда умуман гол урмаган, вазият яратмаган ҳужумчини журналистлар ер билан битта қилишса, мураббий “топширилган қандайдир вазифани аъло даражада уддалаганини” кўра олади. Бу шубҳасиз. Улар учун қайси йили ким чемпион бўлгани, ким нечта гол ургани умуман муҳим эмас. Мураббийлар учун футболнинг ривожи, янги схемалар, тактикалар, йўналишларни кузатиб бориш муҳим.
Ана энди бу қайсар “чолларга” Снайдер ЕЧЛни олганини ёки Форланни тушунтира оласизми? Ёки Хави икки йилдан бери яқин келяпти, шу сафар унга берайлик, бир нималик бўлиб қолсин, дея оласизми? Ҳеч қачон! “Месси зўр-ку!” деган жавобни оласиз. “Тўғри, у зўр, биламан. Лекин у терма жамоаси билан юта олмади ҳеч нарсани. “Барселона” Снайдернинг жамоасига ютқазди!” деб эътироз билдирасиз. Жавоб ўлароқ, “Барибир Месси зўр-ку” деган эътирозни эшитасиз. Ва у ҳам ўз ҳолича ҳақ бўлади.
Тўғри, Месси зўр. Бу фақат мураббийлар наздида эмас. Исталган мухлисдан, ҳатто у “Реал”нинг ашаддий ишқибози бўлса ҳам, сўранг – жамоангизга Месси келгани яхшими ёки Снайдер? Албатта, Мессини танлайди. Мураббий ҳам, рўйхат ичидан энг яхшиларни танлар экан, унинг статистикасига ҳам қарамайди, айнан ўша йилда нималарни ютиб олгани билан иши йўқ. Умуман танлов пайтида у маълум бир йилни белгилаб ҳам олмайди. Айни паллада кимни энг яхши ўйинчи деб ҳисобласа, ўшани белгилайверади. Ўз ҳолича у ҳам ҳақ. Аммо бу тарзда аниқланиб топшириладиган “Олтин тўп”нинг нуфузи кейинчалик тушиб кетмайдими? Йўқ, бир неча ўн йилдан кейин олдинги рўйхатнинг давоми сифатида алоҳида жиҳатни англатмасдан кўрк бериб турар. Мана шу йиллар “Месси даври” бўлгани ҳақидаги қандайдир хулосани ҳам тақдим этар балки. Лекин бу Роналдудан бошқа футболчиларнинг имкониятини нолга айлантирмаяптими? Имконият йўқ бўлган жойда эса, тулки ҳам узумдан кечганди, Крилов масалида. Заммерлар, Недведлар энди ҳеч қачон “Олтин тўп”ни олишолмайдими?
2012 йил футбол йили бўлади. Балки Европа чемпионлар лигасини “Бавария” олар. Бўлиши мумкин. Европа чемпионатида ғалаба қозониш имконияти Англияда ҳам бор. Ёки Италия ва Голландияда. Шундай бўлди ҳам дейлик. Барибир йилнинг энг яхши футболчиси сифатида Месси эътироф этилади. Ёки Роналду! Чунки, улар зўр-да! Менга ёқмади...
Қаҳрамон Асланов.
19 январь, 2012 йил.