Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Жирона» пешқадамликни бежиз қўлга олгани йўқ

Баҳо:
+ | -

Биз Ла Лиганинг кутилмаган етакчиси ҳақида сўз юритамиз.

Мишель ва «Жирона»: катта истиқболга эга иттифоқ тарих яратишда давом этмоқда. 13 та ўйиндан сўнг каталонияликлар Ла Лигада якка пешқадам бўлиб турибди. «Оқ-қизиллар» ҳеч бўлмаганда халқаро танаффус охиригача биринчи ўринда қолишади. Ҳозирча улар йўқотган очколари Чемпионлар лигасининг икки жамоаси “Реал Мадрид” ва “Реал Сосьедад”га қарши ўйинларда бўлган.

Ушбу муваффақиятнинг меъмори - Мигель Анхел Санчес Муньосдир. Мишель номи билан машҳур, мадридлик 47 ёшли мураббий ажойиб ҳужумкор футболи билан жамоаси эътиборини тортади. "Райо Вальекано"га қарши ўйин унинг "Жирона" сафидаги Ла Лигадаги 51-ўйини бўлди. Ҳозир унинг ҳисобида 24 ғалаба, 11 дуранг ва 16 мағлубият бор. Унинг Ла Лигадаги ғалаба фоизи (46%) клуб тарихидаги энг яхши кўрсаткичдир.

Мишель бу муваффақиятни оддий деб ҳисобламайди ва ҳар кунги машаққатли меҳнат орқали натижаларга эришиш мумкинлигини доимо такрорлайди. У аввалроқ "Райо Вальекано" ва "Уэска"ни испан футболининг юқори лигасига олиб чиққан. Аммо бу жамоаларнинг ҳар иккиси ҳам кейинги мавсумда қуйи лигага тушиб кетган ва ҳар бир омадсиз кампанияда мутахассис ишдан бўшатилган.

Бироқ, "Жирона" бошқа воқелик. Мутахассис илк мавсумидаёқ клубни элитага олиб чиқди. Каталонияликлар Сегундада олтинчи ўринни эгаллашди, аммо 2021/22 йилги плей-офф босқичидан муваффақиятли ўтишди. Ўтган мавсумда улар Ла Лигада 10-ўринни эгаллашди. Жорий кампанияда "оқ-қизиллар" шу қадар юқорига кўтарилмоқдаки, Европа мусобақаларига йўлланма олиш ҳақида ўйламасдан иложи йўқ. 2021/22 йилги мавсумда "Жирона" 12 ўйиндан сўнг Сегундада 19-ўринда эди. Бугун Ла Лиганинг 2023/24 йилги мавсумининг 13-туридан сўнг каталонияликлар юқори дивизион турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.

"Қизил-оқлар" ҳеч қачон Ла Лигада кетма-кет уч мавсум ўйнамаган. Мишель буни тушунади, шунинг учун у фақат Европа мусобақаларига саралаш ҳақида ўйлайди. "Мақсад - тезроқ жамоанинг элит дивизиондаги мустаҳкам ўрнини қўлга киритиш", - деди мураббий матбуот анжуманларидан бирида – "Умид қиламанки, биз доимий равишда жадвалда биринчи ўринда бўламиз, аммо очко олиш жуда қийин. Жамоа ҳар куни ишлаши муваффақият келтиришини тушунишини истайман".

"Жирона"нинг мавсумни ажойиб бошлаши уларнинг ҳимоядаги мустаҳкам ўйинларидан кўра ҳужумкорликка боғлиқ. Каталонияликлар "Атлетико" билан бирга Ла Лигада энг кўп гол уришган (25). Яратилган голли вазиятлар бўйича ҳам улар лигада иккинчи ўринни эгаллаб турибди (34). Мишелнинг ўзи ҳам бутун футболчилик фаолияти давомида сермаҳсул тўпурар бўлганини, бу вақтни асосан “Райо Вальекано”да ўтказганини ва у клуб тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бирига айланганини инобатга олсак, унинг жамоаси ҳужумда жуда ёрқин ўйнаши ажаб эмас.

Ҳимояда “оқ-қизиллар” унчалик яхши ҳаракат қилмаяпти. Бу мавсумда улар ҳар бир ўйинда ўртача бирдан ортиқ гол ўтказиб юборишмоқда. "Жирона"да яхшиланиш учун имконият бор ва биринчи навбатда уларнинг ҳимоядаги кўрсаткичлари яхши бўлиши керак. Ҳужум салоҳиятига келсак, мураббийнинг фикрича, бу жамоада етарли. "Ўйиннинг ҳужум босқичи мени хавотирга солаётгани йўқ, чунки биз ҳар қандай рақибга муаммо ярата оламиз, бунинг учун бизда жуда кўп ресурслар бор", - деди мутахассис матбуот анжуманларидан бирида.

Мишель ўз жамоасидаги ҳужум ресурслари хилма-хиллигини таъкидлагани тўғри. Каталонияликлар Ла Лигада аллақачон 7 та гол урган ва "оқ-қизиллар"нинг энг яхши тўпурари бўлган Артём Довбикнинг трансфери орқали катта ютуққа эришди дейиш мумкин. Бироқ “Жирона”нинг муваффақияти фақат бир футболчига боғлиқ эмас. Савио, Алекс Гарсия, Дейли Блинд, Янгель Эррера ва Виктор Циганков бир хил даражада муҳим ўйинчилар ва бу бутун рўйхат эмас. "Жирона"нинг ўзига хос услуби бўлса-да, уларда фақат битта ўйин шакли мавжуд эмас. 

Каталонияликларнинг ўз сафларида номдор футболчилар бўлмаслиги мумкин, аммо улар майдоннинг барча соҳаларида техник жиҳатдан ривожланган футболчиларга таянадилар. Қолаверса, уларнинг кўпчилиги турли позицияларда ўйнаши мумкин - масалан, қанот ҳимоячилари бемалол вингерга айланишади. Испанияда ўнг қанотда Ян Cоуто ва Арнау Мартинесдан яхшироқ тандем бўлмаса керак. Циганков ва Савио билан бир қаторда Довбик ҳам "Жирона" ҳужумининг муҳим элементи ҳисобланади. У тажовузкор, жисмонан кучли, техник маҳоратга эга ва дарвоза томон орқа билан яхши ўйнайди. Рақиблари учун уни тўхтатиш жуда қийин. У сохта тўққизлик бўлиши мумкин, бу эса рақиб дарвозаси олдида қўшимча хавф туғдиради.

 

Мишелнинг ихтиёридаги хилма-хиллик ва турли хил вариантларни ҳисобга олсак, каталонияликларнинг ҳужумкор ўйини аллақачон муваффақиятли бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиши мумкинлиги ажабланарли эмас. “Оқ-қизиллар” ҳақиқий жамоадек ишлайди ва бу мураббийнинг хизматларига киради. Шу билан бирга, "Жирона" Ориол Ромеу, Тати Кастельянос ва Родриго Рикелме каби асосий таркибдаги бир қанча муҳим ўйинчиларни йўқотди, аммо Энрике Карсел бошчилигидаги клубнинг спорт бўлими трансфер бозорида яхши иш қилди.

Мишелнинг каталонияликлар билан шартномаси 2026 йилга қадар тузилгани бежиз эмас. Унинг бу ерда қиладиган ишлари кўп. Клуб вакиллари ва мураббийлар штаби камтарлик билан элитадаги ўринни қўлга киритиш энг устувор вазифа бўлиб қолаётганини таъкидламоқда. Мухлислар Европа аренасига чиқишни орзу қилади ва бунга улар тўлиқ ҳақли.

Киритилди: 21:51, 13.11.2023.
Ўқилди: 2087 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.