Проф боксда дебютини ўтказган собиқ MMA аъзоси Френсис Нганну Тайсон Фьюрига қарши жангдан олган гонорари ҳақида гапириб ўтди.
“Фьюрига қарши жангда бутун фаолиятим давомида олган даромадимдан кўпроқ гонорар олдим. Менимча, UFC жуда кам гонорар берганини тушуняпсиз. Мен октагонга жуда кам маош билан (10 минг доллар) чиқа бошлаганман. Рейтингда кўтарилганим билан молиявий қийинчиликлар мени тарк этмасди.
Бу ерда эса ҳаммаси бошқача кечди. Муносабат ҳам қиролларча. Буни таъкидлаб кетмасам бўлмасди. Ҳаттоки, оиламга ҳам муносабат жуда яхши бўлди. Улар ринг олдида туриб, жангни томоша қила олди. Уларга шаҳарни кўрсатишди.
Энтони Жошуадан кўра Деонтей Уайлдерга қарши жанг каттароқ масштабда бўлади деб ўйлайман. Дерек Чисора? Мени фақатгина энг яхши боксчилар билан жанглар қизиқтиради.
Менимча, яна 8 та жанг ўтказсам керак”, — дейди UFC собиқ чемпиони.
Френсис Нганну ва Тайсон Фьюри ўртасидаги жанг 28 октябрь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтди. Фьюри ҳакамлар қарорига кўра жанг ғолибига айланди.