2013 йилдан кейин бошқарув тизими туб ислоҳотларга муҳтож бўлиб қолган ва оқибатда катта қарздорлик билан яшаётган "Шўртан" 2020 йилда клуб бош менежери сифатида Шамил Ярулинни таништирди. Про лигада фаолият олиб бораётган "Шўртан" сўнгги уч йилда катта ҳажмдаги иш бажарди:
• собиқ футболчи ва мураббийлардан қолиб келаётган барча қарздорлик бартараф этилди;
• ташкилот ва корхоналар олдида вужудга келган қарзлар, уларнинг вақтида тўланмаслиги оқибатида пайдо бўлган пенялар тўлиқ ёпилди;
• ФИФА диққат марказида турган легионер футболчилар билан боғлиқ барча ишлар ёпилди;
• COVID сабаб 2020 йилда шифо марказига айлантирилган клуб базаси ва спорт мажмуаси қайта фаолият бошлади, натижада "Шўртан" академияси ўз фаолиятини тиклади;
• "Шўртан" Про лига вакили бўлса-да, ОФК лицензиясини қўлга киритди;
• клуб қошида тикув цехи фаолият бошлаган бўлиб, бугунга кунга келиб мазкур цех барча ёш тоифасидаги жамоаларни ўзи экипировка билан таъминлайди;
• Лига талабидан келиб чиқиб, стадион прожекторлари ёруғлиги даражаси 1400 люксга етказилди.
Бу вақт давомида "Шўртан" легионерлар, қиммат футболчилар ҳақида эмас, пойдевор ҳақида қайғурди. Стадион, академия, базадаги авария ҳолатида бўлган айрим объектлар модеренизация қилинди. Энди 2024 йилдан бошлаб "Шўртан" секин-аста нисбатан рақобатбардош таркиб шакллантиришни режалаштирган.