Антуан Гризманн қаторасига 6 йил давомида Франция миллий жамоасининг бирор ўйинини ўтказиб юбормади!
Ҳаттоки ўртоқлик мақомидаги учрашувларни ҳам. Бу «Атлетико»нинг франциялик ҳужумчисига хос совуққонликни яна бир бора эътироф этиш учун яхши сабаб, албатта. Гризманн октябрь ойидаги ФИФА кунлари аввалига Евро-2024 саралашидан ўрин олган Нидерландия термасига қарши баҳсда иштирок этди, кейин шотландлар билан бўлган «ўртоқлик»да ҳам майдонга тушди. Шу тариқа унинг Франция миллий жамоасидаги узлуксиз серияси 82та ўйинга етди. Бошқача айтганда, французлар 6 йилдан буён Антуансиз ўйнамаяптилар. Шунчаки, фантастика!
MisterChip статистик аккаунти маълумотига кўра, миллий жамоалар даражасида кетма-кет 82та ўйин - бу жаҳон рекорди. Оддий айтганда, футбол тарихида бошқа ҳеч ким бунчалик узун серия қайд этган эмас. Таққослаш учун айтсак, бу борада Франция миллий жамоасига боғлиқ иккинчи юқори натижа атиги қаторасига 44та ўйинга тенгдир. Маълумот учун, Антуан Гризманн миллий жамоада 2014 йилнинг баҳорида дебют қилганди. У шундан буён Франция бош жамоаси либосида 125 марта майдонга тушди. Ҳозирда гвардиячилар рўйхатида фақат Оливье Жиру (127та), Лилиан Тюрам (142та) ва Уго Льорис (145та)гина Гризманндан олдинда. Умуман, «Атлетико» ҳужумчиси дебютидан буён миллий жамоанинг атиги 4та учрашувидан четда қолди ва уларнинг барчаси ўртоқлик мақомига эга: Сербия - 1:1 (2014 йил), Камерун - 3:2 (2016 йил), Кот-д~Ивуар - 0:0 (2016 йил), Англия - 3:2 (2017 йил).
Аслида Гризманн тарихи мутлақо бошқача ривожланиши ҳам ҳеч гап эмасди. Ҳар ҳолда, унда Португалия термасини танлаш имконияти ҳам юзага келганди. Франция ёшлар жамоаси 2012 йилнинг кузида Евро-2013 саралаши «плей-офф» босқичида Норвегия термаси билан тўқнаш келади. Французлар дастлаб уй учрашувида ягона гол эвазига ғалаба қозонишади. Жавоб ўйини эса 4 кундан кейин Ослода бўлиб ўтиши белгиланган эди. Матбуотнинг аниқлаштиришича, Виссам Бен Йеддер, Антуан Гризманн каби етакчилар ва яна бир қатор футболчилар дастлабки учрашувдан кейин, тунда жамоа лагеридан чиқиб, Гавр шаҳридан таксида Парижга йўл олишади ва Crystal Lounge клубида ғалабани ўзгача нишонлашади. Ёшлар термаси Осло томон парвозга чиққан пайт бош мураббий футболчилар ички тартибни қўпол тарзда бузишганидан аллақачон хабар топганди, аммо у жазо чораси қўллашга шошилмайди. Жавоб учрашувида эса Крис Мавинга ва Янн М~Вила бошланғич таркибдан жой олишади, Гризманн ҳамда Мбай Ньянг эса захирада майдонга тушишади. Амалда Франция ёшлар термаси ўйиннинг 30-дақиқасига келиб, 0:3 ҳисобида «ёна» бошлаганди. Гризманн иккинчи бўлимда, ҳисоб 1:4га етган паллада сафга қўшилади ва гол уришга ҳам улгуради. Бироқ французлар ортга 3:5 ҳисобидаги мағлубият ва Европа чемпионати йўлланмасисиз қайтишади. Шунчаки, шармандалик. Оқибатда Франция футболи раҳбарияти кескин чоралар кўради: мураббий ишдан четлатилади, ички тартибга риоя қилмаган футболчиларга дисквалификация муддати белгиланади. Аниқроғи, 4 нафар футболчи (жумладан, Гризманн) 1 йилдан ортиқ муддатга Франция терма жамоалари ўйинларидан четлаштирилади - 2013 йилнинг 31 декабригача). Бу ҳолат Антуаннинг халқаро фаолиятини кескин буриб юбориши ҳеч гап эмасди. Гап шундаки, Гризманнинг келиб чиқиши она томондан португалларга бориб тақалади. Хуллас, дисквалификация эълон қилингач, иқтидорли ҳужумчи барча имкониятларни жиддий кўриб чиқишга тушади. «Дисквалификация эълон қилингач, Антуан ҳаттоки, Франция терма жамоасига қайтиш имкони йўқ бўлса, португалияликлар учун ўйнаш ва фуқароликни ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўришини айтганди. Муҳими, у қайтди ва хайриятки, ҳаммаси яхши кетмоқда», - дейди футболчининг амакиси Жозе.
Яна бир эътиборли воқелик: Гризманн яқинда Франция миллий жамоаси бош мураббийи Дидье Дешамдан қаттиқ ранжиганини яширмади. Гап шундаки, «абадий» сардор Уго Льорис баҳорда миллий жамоа билан хайрлашгач, Дешам боғични Антуан эмас, балки ёш Килиан Мбаппега топширди. Маълум бўлишича, Антуан Евро-2024да сардорлик боғичида майдонга тушишни хоҳлаган экан. Ўзининг айтишича, унда боғични олиш учун сабаблар етарли. «Очиғи, Дешам танловини қабул қилишим қийин эди. Ахир 32 ёшдаман. Муҳими, менда ҳали куч бор, тўғри, терма жамоадаги фаолиятим якунига яқинлашаётганини яхши тушунаман, - дея хафалигини яширмади Гризманн ёзда. - Дастлабки 1-2 кун бу қарорга кўнишим қийин бўлди. Энди эса Килианни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Қисқаси, ўзаро муносабатларда ҳеч нарсани ўзгартирмадим, табиатан шундайман». Антуан чиндан ҳам, ўзгармади - у ҳамон миллий жамоа сафида!
А.Абдуҳамитов тайёрлади