ОФК "Элита Чемпионлар лигаси"нинг 2024-2025 ва 2025-2026 мавсумларининг чорак финал, ярим финал ва финал ўйинларини Саудия Арабистонида ўтказади.
Маълум бўлишича, ОФК бундан 2 ой олдин барча аъзо-ассоциацияларга мусобақанинг финал босқичини ўзида қабул қилиш бўйича таклиф юборган. Фақатгина Саудия Арабистони ва Ироқ футбол ассоциациялари турнирнинг ҳал қилувчи босқичини ўзида ўтказиш хоҳишини билдиришган. ОФК иккала давлатдаги футбол инфраструктураси ва шароитларни таққослаган ҳолда, Саудия вариантида тўхтаган.
Демак, финал босқичини битта давлатда ўтказиш орқали ОФК иштирокчи клубларга йўл харажатларини тўлаш каби бош оғриқдан қутулади. Мусобақа ғолиби ($12 млн.) ва финалчиси ($6 млн.) учун тўланадиган мукофот пуллари ва бошқа харажатлар ҳам саудиялик ҳомийлар томонидан қопланишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.