"Интер" ҳимоячи Дензел Дюмфрис билан ҳамкорликни узайтириш борасида келишувга эриша олмади. Бу ҳақда La Gazetta dello Sport хабар бермоқда.
Манбага кўра, "нерадзуррилар" раҳбарлари нидерландиялик ҳимоячига йилига 4 миллион евро маош таклиф қилишган. Бироқ футболчининг вакиллари ўз мижозининг яна 1 миллион евро олиш истагини айтиб, таклифни рад этишди.
Маълум қилинишича, томонлар янги йилда навбатдаги музокаралар раундини ўтказишни режалаштиришган. Агар келишувга эришилмаса, нидерландиялик футболчи ёзги трансфер ойнасида сотилади.
Дюмфрис 2021 йилдан бери "Интер"да ўйнаб келмоқда. Жорий мавсумда ҳимоячи барча мусобақаларда 16 та ўйин ўтказиб, 2 та гол ва 4 та голли узатмани амалга оширди. Футболчининг клуб билан шартномаси 2025 йилнинг июнь ойи охиригача амал қилади. Transfermarkt портали футболчининг нархини 28 миллион еврога баҳоламоқда.