"Анкарағужу" президенти Туркия чемпионати ўйинидан сўнг ҳакамни калтаклади.
Туркия Суперлигасининг 15-туридан ўрин олган “Анкарағужу” – “Ризеспор” учрашуви дуранг (1:1) билан якунланди.
Учрашувнинг бош ҳаками Халил Мелер биринчи бўлимда мезбонларнинг голини бекор қилди ва 50-дақиқада ҳужумчи Али Соуни майдондан четлатди.
Ўйин охирида "Анкарағужу" президенти Фарук Кожа бошқа одамлар ҳамроҳлигида майдон марказига, у ерда турган ҳакамлар томон югурди. Кимдир ҳакамлар билан қўл бериб кўришаётганда, Кожа Мелернинг юзига мушт туширди. Ҳакам йиқилгач, бир неча марта тепишди.
Ҳакамлар хонасида шифокорлар Мелерга биринчи ёрдам кўрсатишди. Шундан сўнг ҳакам шифохонага олиб кетилди. Унинг чап кўзи жуда шишиб кетган эди.