Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Исмоил Бенносир: «Африка кубогида фақат ғолибликни кўзлаб ҳаракат қиламиз»

Баҳо:
+ | -

«Милан» ярим ҳимоячиси Исмоил Бенносир узоқ муддатли тикланиш жараёнидан сўнг сафга қайтди.

У 2 декабрь куни «А» серия 14-туридан ўрин олган «Фрозиноне»га қарши ўйин (3:1)га захирадан қўшилди. Goal.com сайти журналистлари шу учрашув арафасида марокашлик футболчига интервью масаласида юзланишди ва у илтимосни рад этмади. Суҳбат жараёнида эса Исмоил турли мавзуларга тўхталди: дарвозабон Жанлуижи Доннарумманинг Миланда «илиқ» қарши олингани, Златан Ибрагимовичнинг қайтиши ҳақидаги гап-сўзлар, янги юлдузча Франческо Камарда истиқболи...

- Ибрагимович «Милан»га қайтаётган экан. Бундан хурсандмисиз?

- Албатта, агар чиндан ҳам, қайтса, зўр бўлади. Бинобарин, Златан клубнинг ҳақиқий афсонаси ва фойдаси тегиши муқаррар. Шахсан мен у билан қайта учрашишдан фақат хурсанд бўламан. Қайтараман, Ибра ҳамиша жамоага ёрдам бериб келган ва раҳбарлик ролида ҳам шу ишини давом эттиришига ишончим комил. Хуллас, агар қайтса, бундан нафақат жамоа, балки футболчилар ҳам манфаат кўришади. Умуман, Златан билан ҳалигача яқин алоқадамиз, у биз учун шунчаки, оддий собиқ клубдош эмас.

- Жанлуижи Доннарумманинг кетганидан қаттиқ ранжиган «Милан» мухлислари уни жуда «илиқ» қарши олишди яқинда ЧЛ ўйинида. Шу ҳолатга алоҳида тўхтала оласизми?

- Жижи «Сан Сиро»да уни нималар кутиб турганини жуда яхши биларди - бу футболнинг бир қисми. Ўзи миллионлар ўйини олами шундай: сен майдонда умумий муҳит туфайли тушадиган ҳар қандай босимни енгиб ўтишинг шарт. Акс ҳолда... Йўқ, стадионнинг Доннаруммага муносабати мухлислар уни ёқтирмасликларидан эмас. Шунчаки, «Милан»да ўйнаб, ҳамманинг қалбидан жой олганингдан кейин кетишинг мухлисларга ҳамиша оғир ботади. Ахир «Милан» тиффозилари Жижига мутлақо ўрганиб қолишганди. Эҳтимол, бу ерда биз ҳеч қачон билолмайдиган бошқа жиҳатлар ҳам бордир. Шубҳасиз, унга бироз қийин бўлди, аммо бунақаси ҳар бир футболчи бошига тушиши мумкин.

- Ўсмир йигит - Франческо Камарда дебютига баҳо берсангиз...

- Умид қиламанки, у келажакда етук футболчига айланади. Олдин фақат исмини билардим, энди эса биз билан бирга шуғулланмоқда ва кўрганларимга таяниб айтаман, Франческо - ҳақиқий ҳужумчи. Йигитчанинг голга ташналиги шундоқ сезилиб турибди, унда ўз қобилиятини тўлиқ намойиш этиш иштиёқи кучли. Лекин Камарда ҳали шакл­ланиши ва машғулотларда бор кучи билан ишлашда давом этиши керак. Зеро, ҳозирда баъзи футболчилар сафда эмаслар, жумладан, Оливье Жиру бўлажак баҳсда қатнашмайди. Демоқчиманки, ҳозирги ҳолат Франческо учун - зўр имконият. Бундан қандай фойдаланиш эса фақат ўзига боғлиқ, чунки майдонда ёш роль ўйнамайди. Умуман, унинг ҳақиқий голеадорга айланиб, ўз голлари билан «Милан» тарихидан жой олишига умид боғласак бўлади.

- Тикланиш жараёнида сабр билан ишладингизми ёки тезроқ қайтиш учун ўзингизни бироз қийнадингиз?

- Барчаси маълум вазиятларга чарбарчас боғлиқ. Табиатан ўз устимда мустақил ишлашга мойилман. Мана, кўпчилик муддатидан олдин қайтаётганимни айтмоқда. Аслида жароҳатдан тикланиш муддати аниқ эмасди. Фақат 6 ойдан 9 ойгача чўзилиши мумкинлигини айтишганди. Ҳозир 7-ой кетмоқда, шундай экан, қайтишим белгиланган муддатга мос келмоқда. Машғулотларда ишлаш чоғи аввало, менда ҳаммаси жойида эканлигига ишонч ҳосил қилишни хоҳладим. Тўғри, чидамлилик ва маромни бироз оширдим, зеро, озгина жон куйдирмасангиз, спорт формасига кириб олишингиз қийин. Ҳозирги ҳолатда ҳам менга бироз жисмоний тетиклик етишмаяпти, лекин турли усулларда кўпроқ ишлаш орқали суръатни оширишга уриняпман. Мисол учун, стационар велосипедда меъёридан кўпроқ шуғулланяпман.

- Энди «Арсенал»даги тажрибани ҳам ёдга олсак...

- Бу клубга боғлиқ нимадандир асло афсусланмайман. Ҳар ҳолда, бу ўзим учун энг тўғри йўл эканлигига мутлақо ишонган ҳолда, қарор қабул қилгандим. Қолаверса, «Арсенал»да ажойиб даврни бошдан ўтказдим, 2 йил давомида яхшигина тажриба олдим. Ўзи Англияга айнан шу мақсадда боргандим, чунки қадрдон шаҳарчам - Арледа бундай имконият йўқ эди. Ҳа, «Арсенал»нинг асосий таркибидан мунтазам жой олиш учун менга нимадир етишмагани рост. Шунинг учун 3-4 йиллик шартнома тузган бўлсамда, эртароқ кетишни маъқул кўрдим. Умуман, «Арсенал» вариантини онгли равишда танлагандим ва ҳозирга қадар бундан афсусланмайман.

- Африка Миллатлар кубоги старти ҳам тобора яқинлашмоқда...

- Марокаш миллий жамоаси қитъа чемпионатида зафар қучиши мумкинми? Албатта. Сен шундай йирик турнирга кучли жамоа сафида борганингда, фақат ғалаба ҳақида ўйлайсан, энг юқори маррани кўзлайсан. Акс ҳолда, турнирда қатнашишдан мантиқ йўқ. Аллақачон Африка кубогини қўлга киритганмиз. Демак, бу сафар муваффақиятни такрорлашга уриниб кўрамиз.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 13:11, 14.12.2023.
Ўқилди: 719 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.