Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

АПЛнинг йил жамоаси

Баҳо:
+ | -

«Спартак»нинг собиқ бош мураббийи Унаи Эмери бошқарувидаги «Астон Вилла» 2023 йилни ўта муваффақиятли ўтказмоқда.

АПЛнинг ортда қолган 16 туридан кейин жамоа совриндор учликка кўтарилиб олди, пеш­қадам «Арсенал» билан ўртадаги фарқ - атиги 2 очко. Умуман, жорий йилда «Вилла» АПЛ доирасида 24 учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди. Фақат «Манчестер Сити» ундан олдинда - 26 ғалаба. Бироқ айнан 15-турда жамоа «Вилла-Парк»да амалдаги чемпионни маҳв этиб (1:0), 3-ўринни тортиб олди! Бирмингемлик мухлислар учун ажойиб Янги йил совғаси!

Шунингдек, жамоа сўнгги турда пешқадам «Арсенал»ни доғда қолдирди (1:0), «Брайтон»ни йирик ҳисобда (6:1) енгди, ўзини тиклай бошлаган «Челси» (1:0) ва сал аввалроқ турнир жадвалини бошқарган «Тоттенхэм»ни (2:1) ҳам аяб ўтирмади. Қўшимчасига, еврокубокларда КЛнинг плей-офф босқичига чиқди.

Мончини ўзига оғдириб олди ва ёзги трансферни фаол ўтказди

2019 йилда Чемпионшипдан қайтгач, «Астон Вилла» бир нечта савияли футболчиларни харид қилди. Бироқ Жек Грилишга қанчалик боғланиб қолганлигини инобатга олмади. Бош мураббий Дин Смит 250 млн. евродан кўпроқ маблағни сарфлаган бўлсада, жамоанинг юраги бўлган сардор ўрнига муносиб номзод топа олмади. Грилишсиз қолган «Вилла» пастга шўнғий бошлади. Смит ўрнини эгаллаган Стивен Жеррарднинг бир йиллик уринишлари натижа бермади ва жамоа ўтган йилнинг октябрига 17-ўринда етиб келди.

Ниҳоят, Унаи Эмерининг вертикал футболи эвазига «Вилла» юқорига кўтарила бошлади: якуний 7-ўрин, сўнгги 13 йил ичидаги дастлабки еврокубоклар йўлланмаси, Эмеригача нима қилишини билмай юрган ўйинчилардаги тараққиёт. Жамоанинг позицион услуби ҳам ўзгарди - хавфли вазиятларни яратишга «Вилла» пухта тайёргарлик кўрадиган бўлди, қарши ҳужумларда аниқ тизим шаклланди. Футболчилар эса янги устозларининг кўрсатма ва ўгитларни катта қизиқиш билан ўзлаштира бошладилар. Шу тариқа Эмери қисқа вақт ичида шогирдларининг ишончини қозонди.

Турнирнинг баҳорги босқичида «Вилла» 10та ўйинни мағлубиятсиз ўтказди, Эмери эса апрелнинг энг яхши мураббийи унвонига сазовор бўлди. Агар январдан ҳисобга оладиган бўлсак, жамоа тахмин қилинган очколар (хPTS) бўйича лигада 8-ўринда бўлса, амалда 2-натижани қайд этди. Шундай бўлсада, мураббий мукаммаллик сари изланишни давом эттирди.

Ёзда «Вилла»га янги спорт директори - Мончи ташриф буюрди. «Севилья»да сермаҳсул ҳамкорликни намойиш этган Мончи-Эмери дуэти Бирмингемда қайтадан тикланди. Натижада клуб Юри Тилеманс, Мусса Диаби ва Пау Торресни харид қилди. Ҳозирда Юри марказдаги кучли рақобат туфайли озроқ имкониятга эга бўлмоқда, лекин Мусса билан Пау асосий ижрочиларга айланиб улгуришди. Муҳими, «Вилла»нинг сифатли ўйини сўнгги тургача натижаларда ўз ифодасини топсин.

Лекин камчиликлар ҳам йўқ эмас. Энг оҳори тўкилмагани - 3 декабрдаги «Борнмут»га қарши сафар учрашувида (2:2) Эмери жамоаси Уоткинснинг сўнгги дақиқадаги голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Бироқ бу натижани «Борнмут»нинг ижобий силжиши дейиш мумкин - Андони Ираола ўзининг Англиядаги «Райо Вальекано»сини яратмоқда.

«Астон Вилла» қандай ўйнайди?

Ўтган мавсумда Эмери ҳужумчилар Уоткинс - БэйлиҒБуэндия дуэтига асосланган 4-4-2 схемасидан фойдаланди. Жамоа тўпни эгаллаб олганида, тактика 3-2-4-1 кўринишини оларди. Энди вариантлар кўпайди - Пау Торреснинг келиши янги имкониятларни берди, Диабининг сермаҳсуллиги қанотлар фаоллигини оширди. Тўп назорати 49,2дан 52,5 фоизга кўтарилди.

Жамоанинг асосий етакчиси - Олли Уоткинс, янги мураббий даврида у 27та гол ва 12та ассистни амалга оширди, Англия терма жамоасига мунтазам жалб этилмоқда. Марказий хавбек Дуглас Луис - Эмери «Вилла»сининг тараққиёт ойнаси. Бузғунчилик ролининг ижрочиси ҳозир олдинги чизиқда ҳам самарали тўп сурмоқда, АПЛдаги 14 ўйинда 5та гол ва 2та ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди.

Жон Макгинн - барча жабҳаларда ўта фаол универсал, Бубакар Камара ва Луис билан марказда жамоанинг қудратли муштини шакллантирган. Уоткинс ва Диабидан ташқари, мураббий ихтиёрида Леон Бэйли ва Николо Заньоло ҳам хизматга шай. Ҳимоя чизиғида эса Лука Динь ва Мэтти Кэш ишончли ўйин кўрсатишмоқда. Улар қанотлар учун масъуллар, марказ эса Торрес, Карлос, Конса ва Ланглелар назоратида. Эмилиано Мартинес Эмеридан аввал ҳам «Вилла»нинг етакчиларидан бири эди. Лекин янги устозининг ўгитлари билан янада ишончли, айниқса, оёқ билан ўйнашда, ҳаракат қиладиган бўлди. Лекин мавсум стартида жиддий йўқотишлар ҳам юз берди. Тайрон Мингз ва Эмилиано Буэндия жароҳат олиб, сафдан чиқишди. Ёзги трансфер ва ички захиралар кўмагида Эмери улар ўрнини тўлдирди.

Клуб Эмери учун  комфорт шароит яратди

«Вилла» соҳиблари Нассеф Савирис ва Уэс Эденс клубни бошқариш ижобий муҳитни яратишга оид масалаларни ҳал қилиш ҳуқуқини янги мураббийга беришди. «Арсенал»да Эмери бу қадар юксак ишончга эга бўлмаганди. Инглиз тилида бемалол мулоқот қила олмайдиган Эмери бу эркинликдан унумли фойдаланиб, испанзабон ассистентларни ёрдамга жалб этди.

52га чиққан испаниялик совринлар шодаси ва бой тажрибага эга бўлди. Ҳар бир жиҳатга жиддий эътибор, рисоладагидек таркиб ва раҳбариятнинг ишончи эвазига унинг «Вилла»си ўта мафтункор лойиҳа даражасига кўтарилди. Бунинг асосий сабаби нимада? Испанияда Эмери АПЛдагидек молиявий имкониятларга эга эмасди. Эҳтимол, ҳозир биз унинг фаолиятидаги энг зўр жамоанинг шаклланиш даврига гувоҳ бўлаётгандирмиз. Шундай бўлса, «Астон Вилла» нафақат 2023 йилда, балки яна бир неча марта энг яхши жамоа бўлиб қолаверади.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:00, 24.12.2023.
Ўқилди: 1582 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.