Якунига етаётган 2023 йил сарҳисобини қилиб, "Динамо" жамоасининг том маънодаги 12-ўйинчисига айлана олган мухлислар ва уларнинг етакчиси Шавкат Бурҳоновни эсламасак адолатдан бўлмасди.
«Динамо»нинг 2023 йилги муваффақиятлари замирида Шавкат Бурҳонов етакчилигидаги фан-клубнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Самарқанд клуби Про лигада томошабинлар ташрифи бўйича 1-ўринни эгаллаб, «Динамо»ни хоҳ уйда, хоҳ сафарда ажойиб даражада қўллаб-қувватлашди. Яъни, мухлисларимизнинг бу лигада рақобатчиси йўқ эди. Ишқибозларни байрам куни таърифлаш учун аслида сўз кўп, аммо уларнинг «Динамо» учун қай даража муҳимлигини биргина факт – жамоанинг Ўзбекистон кубогидаги натижалари кўрсатиб берди. «Динамо» айнан жонкуяр мухлислари қаршисида «Локомотив» дарвозасига 3та гол урди, амалдаги чемпион «Пахтакор» дарвозасини уч марта ишғол этиб турнирдан чиқариб юборди, «Олимпик» дарвозасига 4та гол йўллади ва яримфиналгача етиб келди. Қаршидаги ўйинда эса стадиондаги меҳмон жамоа трибуналари бу даража тўлмаганди. «Динамо» айнан 3 мингга яқин мухлисларнинг қўллаши эвазига якунда «Насаф» билан тенгма-тенг ўйнади ва аламли тарзда кубокнинг бўлажак соҳибига ютқазди. Мавсумдаги илк мағлубиятдан кейинги бу аламли кўз ёшлар айланаётган лента сингари кечагидек эсимизда...
2023 йилнинг сўнгги соатларида, 2023 йил тарихга айланишига саноқли дақиқалар қолганида «Динамо» мухлисларини тилга олаётганимиз бежизга эмас. Чунки, айнан улар фидойилик ва жонкуярлик борасида ўрнак бўла олишди, қанчадан-қанча қийинчиликларга қарамай, Шавкат Бурҳонов фаоллигида Нукусдан Андижонгача бориб, ҳар қандай ҳолатда жамоа билан елкама-елка туришди. Аслида ҳам жонкуярлик, содиқлик тушунчалар айнан уларга хос.
Шахсан «Динамо»даги 16 йиллик фаолиятимдан кўрганим – жамоа бир неча марта қуйи лигага тушиб кетганида ҳам, бир неча йиллар аввал молиявий оғир ҳолатда қолиб, ёрдамга муҳтож бўлганида ҳам «Динамо»ни ёлғиз қўймай, суюкли жамоаси «Динамо» эканини баралла айтган ҳам – самарқандлик мухлислар эди. 2024 йил остонасида бу мухлислар Суперлигада «ёндириш»ларини ишонч билан айтиб, янги йилдаги «Динамо» ниҳоят улар орзу қилган жамоага айланишига тилак билдириб қоламиз.