Ла Лиганинг ортда қолган 18 турида «Атлетик» (Бильбао») 34та гол урди.
Яъни, сермаҳсуллик бобида басклар жамоаси «Барселона» билан тўртинчи ўринда бормоқда. Мазкур натижа жамоанинг юксак чўққиларни забт этишга бел боғлаганлигидан гувоҳлик беради. Ҳозирда 5-поғонани банд этган «шерлар» сўнгги 8 учрашувни мағлубиятсиз ўтказишди.
Эрнесто Вальверде жамоаси ҳозир голлар кўрсаткичини ўтган мавсумга нисбатан +0,7га яхшилаб олди. Бу борада фақат «Жирона» (0,85) «Атлетик»дан олдинда. Жамоа жорий мавсумда 70тадан кўпроқ гол уриши мумкинми? Уришидан кўра ура олмаслик эҳтимоли кўпроқ. Агар ура олса, ўтган мавсумнинг энг юқори кўрсаткичларидан бирини такрорлаган бўлади. буни фақат «Реал» ва «Барселона» каби грандлар уддалай олади. Жорий мавсумда «Жирона» ҳам улар сафига қўшилиши мумкин.
Мавсум старти басклар планкани қанчалик кўтариб юборганликларини инобатга олсак, яқин ойларда маҳсулдорлик пасайиши мумкин. Лекин ҳозирга қадар эришилган муваффақият шунчаки, ўткинчи ҳодиса эмас.
«Атлетик»даги сермаҳсулликнинг ижодкорлари кимлар?
Аввало, Иньяки Уильямснинг самарадорлиги ошганлиги, Нико Уильямсдаги шиддатли тараққиёт ва жамоа Адурис давридан бери Гурусетадек барқарор марказий ҳужумчига эга бўлганлигини таъкидлаш жоиз. Айнан шу 3 нафар ўйинчи рақиб жарима майдончасида ўта фаол эканлигини оддий мухлис ҳам тасдиқлайди. Табиийки, айнан шу учлик ҳужумкор ядро вазифасини адо этмоқда. Лекин Ойан Сансетни тилга олмасдан жамоанинг шиддатли ҳужумларини зикр этиш нотўғри бўларди.
Ҳар қандай жамоанинг асосий муаммоларидан бири ўйиннинг уйғунлигини таъминлаш ҳисобланади. Замонавий футболда асосан жисмоний тайёргарликка таянган, лекин ҳужумда ўта жўн ҳаракатларни четлаган ҳолда самарали тўп суриш муҳим аҳамият касб этади. «Шерлар»нинг бахтига, улар сафида Сансет бор. Ўзининг иккинчи мавсумида етарли ўйин амалиётига эга бўлаётган 23 ёшли хавбек ана шу уйғунлик яратувчисидир. Ойан Ла Лиганинг 15та учрашувида у 3та гол ва 4та ассистни расмийлаштирди. Баъзан Сансет сермаҳсуллик лаёқатини серияга айлантира олади. Бироқ шу билан чекланиб қолмаган ҳолда ўзининг асосий вазифаси - ҳужум ташкил этишни ҳам ўрнига қўяди. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари эвазига «Атлетик»нинг ҳужумкорлик салоҳияти юксак даражага кўтарилди.
Жорий мавсумда Ойан гол+пас тизими бўйича жамоадошлари орасида 4-кўрсаткични қайд этмоқда. Бироқ у гол билан якунланган ҳужумларни ташкил этиш бобида «шерлар»нинг етакчиси. Ла Лига жамоаларидаги ярим ҳимоячилар орасида фақат Педри («Барселона») ва Алейш Гарсия («Жирона») ундан олдинроқда боришмоқда.
Памплоналик футболчи ҳужумнинг якуний босқичида ҳам ўз ёрдамини аямасада, аввало жамоадошлари учун қулай вазиятларни вужудга келтиришга интилади. У айниқсаярим ҳимоя чизиғидан ҳужумга ўтишда муҳим ўрин тутади. Сансет асосан ўнг қанотда тўп сургани сабабли, Иньяки Уильямс жамоанинг энг сермаҳсул ўйинчилари сафида бормоқда.
Басклар жамоаси қандай тактик схемани (4-3-3 ёки 4-2-3-1) қўллашидан қатъий назар, Сансет кўпроқ ўнг қанотда марказий чизиқ ва рақиб ҳимоя чизиғи оралиғида ҳаракатланади, тўпни ишончли назорат қилиш ва чаққонлиги эвазига жамоани тезкор қарши ҳужумга ўтишини таъминлайди. Сансет жамоани олға етакловчи узатмалар бўйича ҳам Ла Лигадаги ярим ҳимоячилар орасида пешқадамлик қилмоқда. «Шерлар»нинг деярли барча ҳужумлари айнан унинг ҳудудига тўп узатиш билан бошланади. Ойан эса фурсатни бой бермасдан олдинги чизиқдаги жамоадошини, кўпинча, Иньякини тўп билан таъминлайди. Уильямс эса якуний ҳаракатларни амалга оширади. Мана шу услуб ҳозирда «Атлетик»нинг асосий қуролларидан бирига айланган десак, муболаға бўлмайди. Жорий мавсумда Сансет Уильямс учун 12 марта қулай вазиятни вужудга келтирди - мазкур кўрсаткич бўйича ҳам Ойан бошқа жамоалардаги касбдошларидан олдинда бормоқда.
Икер Муньяиннинг футболчилик фаолияти тобора ниҳоясига яқинлашиб бормоқда. Узоқ йиллар давомида у «Атлетик»нинг ижодий маркази мақомида фаолият юритди, 500дан ортиқ учрашувларда майдонга тушди. Ойан Сансетнинг жамоага келиши ва юксак савияга кўтарилиши эвазига «шерлар»нинг ҳужумкорлик лаёқати янада сайқал топди. Муньяин классик «ўнлик» позициясида тўп суради. У тўп билан муомала қилишга кўп вақт сарфлайди ва кўпроқ ўз назоратида олиб юради. Сансетнинг ҳаракатлари эса нисбатан шиддатлироқ, тўпга тегинишлар сони озроқ. Лекин узатмалари аниқ, самарадорлиги аъло даражада.
Диққатга сазовор жиҳат шуки, Сансет ҳам, Муньяин ҳам Памплона ўғлонлари. Тақдир тақозоси билан, «Атлетик» фахрий сардор ўрнини тўлдириш муаммосидан холи - навқирон хавбек нафақа тараддудини кўраётган ҳамшаҳри ўрнини бемалол боса олишига шубҳа йўқ.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади