Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Бундесрекордга бир қадам қолганида...

Баҳо:
+ | -

ЕЧЛ-2017 финалини бошқарган ФИФА ҳаками Феликс Брих ўйинлар сони бўйича Бундеслига рекордига бир қадам қолганида, жиддий жароҳатга йўлиқди.

Тўғри, у ҳакамликка қайтишдан умидвор ҳали.

Жорий мавсум евромайдонларда кенг тарқалган тизза бўғими жароҳати эпидемия­сидан нафақат футболчилар, балки бошқалар ҳам жабр кўришмоқда. Дейлик, германиялик машҳур рефери Феликс Брих Бундеслигадан ўрин олган «Айнтрахт» ва «Штутгарт» ўйинида худди шундай жароҳатга юз тутди. Бу ФИФА ҳаками учун Германия чемпионати элит лигасидаги 344-учрашув эди. Брих шу тариқа жами ўйинлар сони бўйича бундесрекордчи Вольф­-ганг Штарк билан тенг­лашди. Қисқаси, Феликс мутлақ рекордга бир қадам қолганида тўхташга мажбур бўлди. Айтиш ўринли, Брих жароҳатдан кейин дарҳол майдондан четга чиққани йўқ. Яъни ҳакамга тиббий ёрдам кўрсатилди ва у танаффусга қадар ишини давом эттирди. Бироқ иложи бўлмади, шекилли, иккинчи бўлимда Брих ўрнини бунга қадар Бундеслигада бирор марта бош ҳакам ролини бажармаган захирачи Патрик Швенгерс эгаллади.

Энг ачинарли тафсилот: Брих ўзи учун энг «қадрдон» икки клубнинг ўзаро тўқнашувида «ишдан чиқди». Ҳар ҳолда, германиялик илғор рефери бутун фаолияти давомида «Штутгарт» иштирокидаги нақ 59та ўйинда ҳакамлик қилганди. У «Айнтрахт» ўйинларида эса 53 марта бош ҳакам сифатида кўзга ташланган. Қисқаси, Брих бошқа бирор клуб ўйинида бу қадар кўп ишлаган эмас. «Майдон сирпанчиқ эди, оёғимни нотўғри ташлаганим туфайли йиғилдим ва аламли жароҳатга йўлиқдим. Албатта, ҳозир бироз тушкун ҳолатдаман», - деди Феликс ўйиндан сўнг, ҳали ташхис натижалари чиқмасидан олдин.

48 ёшли Брих энди шу жароҳат ортидан мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади. Аммо у ҳакамликка қайтишдан умидвор. Чунки Штарк рекордини янгилашни мақсад қилган: «Албатта, ҳали қайтишни хоҳлайман. Тўғри, аввало, жарроҳлик амалиётидан кейин тикланиш жараёни қандай кечишини кўриш керак». Феликс Брих сўнгги йиллар дунё футболида энг яхши ҳакамлардан бири қаторида юрганини алоҳида айтиш керак. Дейлик, қарийб 20 йилдан буён Бундеслигада барқарор ишлаб келаётганди. У фаолияти давомида Германия кубоги финалида икки марта ҳакамлик қилди - 2014|2015 («Боруссия» Д. - «Вольфсбург») ва 2020|2021 («РБ Лейпциг» - «Боруссия» Д.) йиллар мавсумларида.

Феликс Брихнинг халқаро фаолияти ҳам зўр: мавсум-2013|2014да ЕЛ финали («Севилья» - «Бенфика»), мавсум-2016|2017да эса ЧЛнинг ҳал қилувчи ўйини («Реал» - «Ювен-тус»). Германиялик рефери шундан буён асосий еврокубокнинг 3та ярим финалида ишлади. Шунингдек, 2014 ва 2018 йиллар жаҳон чемпионати, 2016 ва 2020 йиллар Европа биринчилиги ҳамда 2012 йили Олимпиада ўйинларига борди.

Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) Феликс Брихни 2021 йилнинг энг яхши ҳаками сифатида тан олганди. Германиялик рефери шундан бир неча кун ўтгач, халқаро фаолиятига нуқта қўйди. Демак, Брих ўз юрти мезбонлик қиладиган Евро-2024да ишламайди. Шундай экан, ке­йинги мавсум стартига қадар бемалол ва хотиржам тарзда тикланиши мумкин.

Д.АЛИМОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 07:21, 06.01.2024.
Ўқилди: 1347 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.