Жаррод Боуэн учун ортда қолган 2023 йил қандай ўтди?
Голлар, совринлар, Англия терма жамоаси ва оилада фарзандлар туғилиши қувончи... «МЮ» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонилган ўйинда ўзининг мавсумдаги 13-голини урган «Вест Хэм»нинг 27 ёшли футболчиси айни пайт жуда яхши спорт формасида.
- Лондонда «МЮ»ни мағлуб этиш - бу 2023 йилни яхши якунлашнинг ажойиб усули...
- Ҳа, чиндан ҳам, ёқимли ғалаба ва зўр интиҳо. «Ливерпул»га қарши ўйиндан сўнг ҳафсаламиз пир бўлганди, шунинг учун янги йил олдидан ғалаба қозониш асносида кайфиятни созлаб олишимиз шарт эди. Ўйинда гол уришимиз учун бироз кўпроқ вақт кетди, лекин майдонга тушиш арафасида айнан шундай сценарий ҳақида ўйлагандим. Ўзи икки яхши жамоа қарама-қаршилигида биринчи гол кўпинча ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бахтимизга, ҳисобни биз очдик ва якунда қимматли 3 очко соҳибига айландик.
- Шахсан ўзингиз АПЛдаги голларингиз сонини 11тага етказиб қўйдингиз. Умуман, бу сиз учун жорий мавсум ҳисобидан жами 13-гол...
- Ўйинлар давомида шунчаки, тўғри позиция танлашга уринаман, ҳозирги маҳсулдорликни шунга боғлашим мумкин. Умидворманки, шундай руҳда давом этаман. Ўз тарихимни ёзиш учун эса вазиятлардан унумли фойдаланиш коэффициентини яхшилашим керак. Ҳозирда бор ҳаракатим шу йўналишга қаратилган. Майдонда тиним билмай югурмасанг, сенда имконият юзага келмайди. Охирги голимни олсак, Лукас Пакета тўпни чиройли тарзда узатди, унинг хизматини эътироф этиш баробарида айтишим керак, агар ҳужумчи тўғри позиция танлай олмаса, бу каби имкониятлардан ҳеч натижа чиқмайди.
- «Вест Хэм» бош мураббийи «МЮ»га қарши баҳсда тактикани ҳам ўзгартирди: сиз ўнг қанотда ҳаракатландингиз, Қуддус эса марказга қайтди...
- Агар таркибда мен, Қуддус ва Лукасга жой берилса, позиция ўзгартириш борасида умуман муаммо сезилмайди. Чунки жуда мослашувчанмиз. Дейлик, агар мен чап томонда тўп сурсам, Қуддус ва Лукас навбати билан «ҳужум учи» ролини бажаришлари мумкин. Эътиборлиси, «МЮ» билан баҳсда айнан тартибни ўзгартирганимиздан бир неча дақиқа ўтиб гол урдик. Хуллас, тактик ўзгариш самара келтирди. Умуман, 2та мукаммал гол урганимиз барчасини кўрсатиб турибди. Асосийси, ғалаба! Ўзи «МЮ»дан 3 очко тортиб олишга қурбимиз етишини билардик ва шунга яраша дадил ўйнадик.
- «Болғачилар» Рождествогача 30 очко тўпладилар. Хўш, мавсум боришидан қониқиш ҳосил қиляпсизми?
- Баъзи ўйинлар бироз ранжитганини ҳисобга олмасак, ҳаммаси жойида. Ҳар ҳолда, айни пайт АПЛ турнир жадвали юқори қисмидан жой эгаллаб турибмиз, қолаверса, ЕЛ 1|8 финалига чиқдик. Шунингдек, Англия кубогида ҳам курашни давом эттиряпмиз. Шундай экан, мавсумга яхши баҳо бериш керак. Лекин бундан-да зўрроқ ўйнашимиз ва янада юқорироқдан жой олишимиз мумкин эди. Фақат баъзи ўйинларда омад юз ўгирди ёки ўзимиз имкониятлардан фойдаланолмадик. «Юнайтед»га қарши баҳсда эса фаол кўриндик, ўйинни ҳар жиҳатдан кучайтирдик. 2:0 ҳисобидаги ғалаба - шу ҳаракатлар меваси. Такрорлайман, асосийси, ўйинларда ғалаба қозониш. Ахир ғалаба муҳим саналган бизнес билан шуғулланмоқдамиз.
- Охирги 12 ой ҳаётингизда ҳам профессионал, ҳам шахсий нуқтаи назардан катта из қолдирди...
- Ҳамиша ҳар жиҳатдан очиқ ва ҳалолман. Агар кимдадир менга айтадиган гапи бўлса, хоҳ танқид, хоҳ мақтов - эшитишга тайёрман ва барчасини тўғри қабул қиламан. Ишлар яхши кетаётганидаги мақтов ва орқага кетган вақтдаги танқид даражаси бир хил бўлиши керак. Табиатан яшириниб юрадиган одам эмасман. Шунингдек, ҳар доим олдинга қарашга одатланганман. Фаолиятим давомида катта муваффақиятсизликлар ҳам юз берган ва кўпчиликдан ёмон гапларни эшитганман. Ҳозир шунчаки, футболдан завқланяпман, муҳими, жамоамнинг бир қисмиман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам барчага очиқ бўлиб қолишни хоҳлайман.
- Жаррод, бу сафар ота сифатида биринчи Рождествони қарши олдингиз. Оилавий масалада режаларингиз қандай?
- Йўқ, бу борада режа кетмайди. Кичкинтойларим ҳозир атиги 7 ойлик! «Юнайтед»га қарши ўйинда уларни майдонга олиб тушдим. Шу маънода ҳам, 2023 йил мен учун энг яхшиси бўлди. Бир неча кун олдин ота сифатида илк марта туғилган айёмимни нишонладим ва энди Рождество байрамини қарши оляпман. Баъзан футбол ва оилани аралаштиришни хоҳламасангиз ҳам, «МЮ» каби жамоаларга қарши ўйинлар уйга сеҳрли ўйин ҳавосини олиб киришингизни тақозо этади. Бугун оилам даврасига бахтиёр қайтишим тайин. Ажойиб кун!
МУҲАММАДХОН тайёрлади