"Ан-Наср" (БАА) - "Локомотив" (Ўзбекистон) учрашув ўз якунига етгандан сўнг икки жамоа мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Дастлаб мехмонлар – «Локомотив» клуби бош мураббийи Равшан Муқимов таклиф этилди ва у журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
— Дастлаб ушбу учрашув ҳақидаги фикрларингизни билдириб ўтсангиз ...
— «Ан-Наср» клубини ушбу ғалаба билан табриклайман. Бугун мухлислар қизиқ, жозибали футбол гувоҳи бўлишди. Ушбу клубга гуруҳ босқичида омад тилаб қоламан.
— Ушбу ўйиндаги ҳакамликни қандай баҳолайсиз?
— Биз ҳам футболни тушунамиз. Ҳакамнинг ҳаракатларини фақатгина мен эмас, балки кўп соли мухлислар аудиторияси кузатди. Ўйиндаги айрим вазиятларда чиқарган қарорлари унинг виждонига ҳавола. Биринчи ва учинчи голлар киритилган вазиятларни биз яна таҳлил этиб чиқамиз.
— Дарвозабоннинг иккинчи голни ўтказиб юбориши сизларнинг умидингизни сўндириб юбордими? У ушбу вазиятда айбдор эдими?
— Бу ерда кўпроқ «Ан-Наср» клуби футболчисини маҳорати рол ўйнади. Пашага ушбу вазиятга нисбатан эътирозим йўқ.
— Сизнинг қўлингизда яхши имконият мавжуд эди. Натижа эса аксинча бўлди. Буни қандай ҳис қиляпсиз?
— Футбол шундай нарсаки бугун ютасиз, эртага ютқазасиз. Ўйин якунланди. Шу дақиқадан бошлаб биз бу ўйинни эсдан чиқариб янги чўққилар томон ҳаракат қиламиз. Ҳаёт давом этади. Бу ёғига Ўзбекистон Чемпионат и Кубогига тайёргарлик кўрамиз.