ПФЛ Кубогининг биринчи ўйинида «Машъал» «Андижон»га қарши баҳс олиб бориб 2:0 ҳисобида зафар қучганидан хабарингиз бор. Ўша беллашувда бош ҳакам Николай Мешков муборакликлардан нақд олти нафар футболчига сариқ карточка кўрсатганди. Бу ҳам етмагандек, жамоамиз ҳужумчиси Ихтиёр Тошпўлатов четлатилганди.
Яқинда Тошпўлатов билан суҳбатлашганимизда, ўша қизил карчтока берилган вазиятда футболчи айб ўзидан ҳам ўтганини тан олди ва клуб расмий сайти орқали жамоадошларидан узр сўради.
«Мен шу ўйинда гол уришни жуда хоҳлагандим, - дейди жиззахлик ҳужумчи. – Аммо тўп ҳадеб етиб келавермагач, жамоадошларимдан бирини ҳақорат қилиб юбордим. Ҳақорат қилганимни ўйин ҳаками эшитиб қолди ва шу заҳоти келиб майдондан четлатди. Гарчи «Андижон» устидан ғалаба қозонган бўлсак-да, қизил карточка олганим учун ўзимни айбдор ҳис қилдим ва бунинг учун жамоадошларимдан узр сўрайман. Бу мавсумдан менинг умидим ниҳоятда катта. Ҳам «Машъал», ҳам ёшлар терма жамоамиз таркибида майдонга тушиб кўплаб голлар урмоқчиман».