Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб бораётган «Андижон» олдиндан режалаштирилганидек, 27 январь куни дастлабки назорат учрашувини ўтказди. Рақиб ўтган йили Осиё ўйинлари ғолиби Жанубий Корея U-23 терма жамоаси бўлди.
Беллашув Сиде шаҳарчасидаги «Эмирхан спорт комплекс» майдонида бўлиб ўтди. Рости, мазкур беллашувга қизиқиш анча катта бўлди. Боиси, ўз ёшида қитъамизнинг етакчи ва ғолиб жамоасига қарши ўйин бошқаларнинг ҳам эътиборини ўзига тортмасдан қолмади.
Бу «Андижон»нинг Анталия йиғинидаги илк ўйини эди. Шуни ва рақибнинг кучли эканлигини инобатга оладиган бўлсак, футболчиларимизнинг майдондаги ҳаракатларига ижобийлик белгиси сифатида баҳо бериш мумкин. Ҳар ҳолда ёмон таассурот қолдиришмади. Бундай баҳсларда натижа муҳим ҳисобланмайди. Жамоавий ўйинни шакллантириш биринчи «план»га чиқади. Мураббийлар айнан шунинг устида ишлашяпти.
Ўйинда гол уриш иккала жамоага ҳам насиб қилмади. Натижа эса адолатли. Чунки футболчиларда голли вазиятлар у қадар кўп бўлмади. Аммо жамоамиз гол уришга жуда яқин келганди. Айниқса, иккинчи бўлимда Бектемир Абдуманнонов хавфли рейд уюштириб рақиб жарима майдони ичига ёриб кирган ҳолда яқин масофадан йўллаган зарбаси шундоқ дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди. Ўз навбатида рақиблар ҳам дарвозамиз олдида кўп бўлмасада, айрим паллаларда хавфли вазиятларни содир этдилар. Дарвозабонимиз маҳорат кўрсатди ва ҳимоячимиз ҳам. Яна бир ҳолатда эса дарвоза устуни голдан сақлаб қолди.
"Андижон" мураббийлари иккала бўлимда деярли барча футболчиларни майдонга туширди ва йигитлар кўрсатмаларга амал қилган ҳолда ўйин ташкил қилдилар. Жамоамиз бош мураббийи Александр Хомяков ҳам, Жанубий Корея U-23 устози Сун Хон Хванг ҳам беллашувни трибунадан диққат билан кузатиб бордилар.
«Андижон» кейинги учрашувини 1 февраль санасида Россиянинг номдор клубларидан бири – ЦСКАга қарши ўтказади. Шундай экан, навбатдаги учрашув ҳам янада қизиқарли ўтишига шубҳа йўқ.
«Андижон» – Жанубий Корея U-23 – 0:0.
27 январь. Анталия. «Эмирхан спорт комплекси».
«Андижон»: Игор Литовка, Абдувоҳид Ғуломов, Илдар Маматказин, Ислом Маматказин, Сардор Азимов, Фарҳод Бекмуротов, Леван Арвеладзе, Шерзод Эсанов, Фарҳод Соҳибжонов, Бектемир Абдуманнонов, Шаҳбоз Эркинов.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Илҳом Абдуғаниев, Асилбек Айсаров, Муҳаммадкарим Тоиров, Диёр Тоиров, Владимир Бубаня, Суннатилло Абдуллажонов, Армин Бошняк, Иззатилло Абдурасулов, Асадбек Хабибуллаев, Абубакир Режаббоев.
Жанубий Корея U-23 терма жамоаси: Шин Сонг Хон, Ли Тае Сок, Сео Мюнг Гуан, Чо Ви Же, Хванг Жае Вон, Хонг Си Хо, Парк Хюин Бин, Хонг Юн Санг, Ли Канг Хи, Канг Сеонг Жин, Ли Юнг Жун.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Ким Жеонг Хун, Ким Рюн Сеонг, Бюн Жун Со, Ли Жае Вон, Ли Жун Жае, Ох Жае Хюк, Ли Сеунг Вон, Парк Хо Мин, Парк Чанг Ван, Гох Юнг Жун, Ан Жае Жун.