Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин ўтказаётган «Андижон» ҳамда Москванинг ЦСКА клублари илк бор ўртоқлик учрашувда тўқнаш келишди. Ўйин «Регнум» майдонида бўлиб ўтди ва айтиш керакки, Белекнинг ушбу ҳудудида бир қанча Россия клублари қўним топишган экан. Шунинг учун бўлса керак, ЦСКА – «Андижон» беллашувда «Динамо» (Москва), “Сочи, «Велес», «Балтика» яна бошқа жамоалар вакилларини учратиш мумкин эди.
Дарвоқе, беллашувдан аввал россиялик таниқли собиқ ҳакам Николай Левников билан учрашиб қолдик. У Россия футбол ҳакамлар қўмитаси раҳбари сифатида фаолият олиб бормоқда. ЦСКА – «Андижон» ўйинида эса ҳакамлар бригадасини назорат қилиб борди. Шунингдек, иккала бўлимда алоҳида бош ҳакамлар ишлашини ҳам қўшимча қилиб ўтди. Дарҳақиқат, дастлабки бўлимда Егор Егоров, иккинчи бўлимда эса Андрей Фалов ўйинни бошқарди. Барча ҳакамлар россиялик эканини эслатиб ўтиш даркор.
ЦСКА бош мураббийи Владимир Федотов жамоамизга қарши Игор Акинфеев бошчилигидаги ўзининг асосий таркибини майдонга туширди. Беллашув тақдирини иккита гол ҳал қилди. Аввалига «армиячилар»нинг асосий ҳужумчиларидан бири Антон Заболотний ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимда ЦСКА таркибига янги қўшилган футболчи Темирлан Мусаев жамоасининг иккинчи голини урди.
«Андижон» учун кучли рақибга қарши мазкур беллашув жуда муҳим эди. Чунки жамоани ўйинини янада шакллантириш ҳамда қайси жиҳатларни янада кучайтириш зарурлиги борасида мана шундай рақибларга қарши баҳсларда жавоб олиш мумкин бўлади. Аммо Александр Хомяков шогирдлари ЦСКАга қарши ўйинни яхши бошлади ва хавфли вазиятларни ҳам яратди. Масалан, биринчи бўлимда Бектемир Абдуманнонов ўзининг хавфли рейди орқали жарима майдони ичига кириб борди ва сўнгги паллада Акинфеев дарвозасини ишғол қилмоқчи бўлганида ҳимоячилар унга ҳалақит қилиб қолишди. Иккинчи бўлимда Асилбек Айсаровнинг узоқдан йўллаган зарбасини Торол қийинчилик билан бартараф этди. Шунингдек, Шерзод Эсанов ҳам бир вазиятда қанотдан жарима майдони ичига кириб бораётганида хавф жиддий кўриниш олаётганди, лекин якунда ўхшамай қолди.
Хомяков қўл остидаги ўйинчиларни яна бир бор синовдан ўтказди ва керакли хулосаларга эга бўлди. Шубҳасиз, бу каби учрашувлар жамоамизга жуда асқотади.
Назорат ўйини
ЦСКА – «Андижон» – 2:0 (1:0).
1 февраль. Анталия. «Регнум» арена.
Голлар: Антон Заболотний, 8 – 1:0. Темерлан Мусаев, 59 – 2:0.
Огоҳлантиришлар: Виктор Давила, 55. Кирилл Глебов, 80 – Иззат Абдурасулов, 63. Салам Ашурмамадов, 90.
ЦСКА: Игор Акинфеев, Виллина Роша, Кирилл Набабкин, Михаил Рядно, Милан Гайич, Мойзес Барбоса, Иван Обляков, Константин Кучаев, Виктор Мендес, Антон Заболотний.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Владислав Торол, Иля Агапов, Кирилл Глебов, Матвей Кисляк, Фёдор Чалов, Тамерлан Мусаев.
«Андижон»: Элдор Адҳамов, Владимир Бубаня, Ислом Маматказин, Абдувоҳид Ғуломов, Сардор Азимов, Бектемир Абдуманнонов, Муҳаммадкарим Тоиров, Фарҳод Бекмуратов, Илҳом Абдуғаниев, Суннатилла Абдуллажонов, Шаҳбоз Эркинов.
Захирадан майдонга тушганлар: Илдар Маматказин, Диёр Тоиров, Фарҳод Соҳибжонов, Марлен Чобанов, Шерзод Эсанов, Абубакир Режаббоев, Асилбек Айсаров, Иззатилло Абдурасулов, Суҳроб Бердиев, Армин Бошняк, Моҳир Комилов, Асад Ҳабибуллаев, Салам Ашурмамадов.
Ҳакамлар: Бош ҳакам: Егор Егоров (1-бўлим), Андрей Фалов (2-бўлим)
Қанот ҳакамлари: Ринат Равилов, Андрей Пелих.
Назоратчи: Николай Левников
«Андижон» матбуот хизмати.